Қирғизистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги “Ақ Тилек” ўтказиш масканида яна юк автомобилларининг турнақатор навбати ҳосил бўлди. 15 июлга қадар бу ерда Қирғизистонга тегишли юздан ортиқ фура тўпланди, дея маълум қилган Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати.
Айтилишича, шундан 30-40 таси бўш қайтаётган контейнер ташувчи машиналар, аммо қолганларига халқ истеъмоли моллари ва озиқ-овқат юкланган.
Чегара хизмати юк автомобиллари йиғилиб қолишини иқтисодий фаолиятнинг фаоллашуви ва юк оқимининг мавсумий ортиши билан изоҳлаган. Икки мамлакат чегарасидаги бошқа ўтказиш масканларида одамлар ва транспорт тўпланиши қайд этилмаган.
Бугунги кунда Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида еттита автомобилларни ўтказиш маскани ишлаб турибди, улардан “Ақ Жўл”, “Ақ Тилек”, “Чалдибар”, “Кен Булун”, “Тўқмоқ” — Чуй вилоятида, “Чўн Қапқа” — Талас вилоятида, “Қарқира” эса Иссиқкўл вилоятида жойлашган.
Юк автомобиллари “Ақ Тилек”, “Чалдибар”, “Чўн Қапқа” ҳамда “Қарқира” ўтказиш масканлари орқали ўтиши мумкин. Бўш юк машиналари, шунингдек, “Кен Булун” маскани орқали Қирғизистондан Қозоғистонга чиқиши мумкин. Темир йўл таркиблари эса “Қаинди” ўтказиш маскани орқали ҳаракатланади.
Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасида қирғиз томонига тегишли юк машиналари тўпланиб қолиши тез-тез кузатилади, баъзан бир неча чақиримга чўзилган навбатлар юзага келиши мумкин. Ўтган йилларда чегара назоратининг кучайтирилиши бир неча бор икки мамлакат ўртасида можаро юзага келишига сабаб бўлган.
Экспертлар икки қўшни мамлакат ўзаро савдо уруши олиб бораётганини таъкидлайди. Можаро Жаҳон савдо ташкилотигача етиб борган.
Қирғизистон ва Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлиб, ташкилот низомида барча аъзо мамлакатлар ҳудудида товарлар эркин ҳаракатланиши назарда тутилган. Бироқ амалда мамлакатлар ташкилотдаги ҳамкорларига нисбатан чеклов чораларини қўллашда давом этмоқда.