Қирғиз-тожик чегарасидаги отишмада қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлди

Қирғизистонлик ҳарбий (иллюстратив сурат)

Қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида чиққан отишма чоғида Қирғизистон Чегара хизмати ҳарбийси, 27 ёшли сержант Ҳусниддин Ҳожиев ҳалок бўлди.

Озодлик қирғиз хизматининг МХДҚ Чегара хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, чегарачининг ўлими билан вазият ўрганилмоқда.

Қайд этилишича, икки мамлакат чегара хизматлари вакиллари мазкур ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқдалар. Дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан ҳам отишма чоғида қурбон бўлган ва яраланганлар бор.

Қирғиз-тожик чегарасида икки мамлакат ҳарбийлари ўртасидаги отишма 8 июль оқшомида чиққан. Қирғизистон Чегара хизмати иддаосига кўра, Лайлак туманидаги довонда хизмат қилаётган отлиқ чегара наряди Тожикистон чегарачилари томонидан ҳужумга учраган.

Тожикистон Чегара хизмати иддаосича эса, отишма Сўғд вилоятининг Деваштич туманига қарашли Росровут деган жойда содир бўлган. “Ховар” агентлиги хабарига кўра, ҳодиса 8 июль куни маҳаллий вақт билан соат 14:55 да “қирғизистонлик тўрт нафар чегарачи Тожикистон чегарасидан ноқонуний ўтган”и ортидан содир бўлган. Агентликнинг ёзишича, фуқаролик ва ҳарбий кийимда бўлган қирғизистонлик ҳарбийлар қуролланган бўлган, улар Тожикистоннинг Деваштич туманидан 9 бош отни Қирғизистонга олиб кетмоқчи бўлганлар.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги тақрибан 970-980 километр келади ва бундан шу кунгача фақат 519 километригина делимитация ва демаркация қилинган. Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг яқиндаги учрашуви якунларига кўра чегаранинг яна 32 километри аниқлангани айтилган.