Қирғиз-тожик чегарасининг можаро чиққан участкасига халқаро журналистлар олиб борилади

Боткен вилоятидаги ёниб кетган уйлардан бири, 2021 йил 2 майи

Қирғизистон расмийлари журналистлар учун Боткен вилоятига пресс-тур ташкил этишади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистон президентининг матбуот котиби Галина Байтерек билдирган.

Мулозимага кўра, журналистлар Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг можарога саҳна бўлган жойларига ташриф буюришади.

Биз жаҳон ҳамжамиятига ҳаққоний маълумотни етказиб бериш учун журналистларни у ёққа олиб борамиз. Соат 16:00 да биз Боткенга учиб кетамиз. Барчасини ўша жойнинг ўзида журналистларга кўрсатиб, гапириб берамиз. Улар ҳаммасини ўз кўзлари билан кўриб, ўзлари хулоса чиқарадилар”, деган Г. Байтерек.

Унга кўра, Боткенга бориш учун 20 та оммавий ахборот воситасидан 26 нафар журналист аккредитациядан ўтган бўлиб, улардан 10 чоғлиси халқаро ОАВ вакилидир.

Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида қуролли тўқнашув бўлиб ўтган. Расмий Бишкек тарқатган маълумотга кўра, тўқнашувларда 35 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган. Тожикистон расмийлари жабрланганлар тўғрисида расмий маълумот берган эмас, бироқ Озодликнинг тожик хизмати можаро чоғида 16 нафар тожикистонлик қурбон бўлганини аниқлаган.

Тўқнашув натижасида Боткен вилоятидаги қишлоқларда 78 та уй, 2 та мактаб, фельдшерлик-акушерлик маскани, 3 та чегара заставаси, болалар боғчаси, 10 та АЁҚШ, ички ишлар бўлими биноси ва 8 та дўкон ёниб кетган. Тожик расмийлари ҳали шикаст етган объектлар тўғрисида бирор маълумот берганлари йўқ, бироқ жабрланган қишлоқларда бўлган тожикистонлик журналистлар Хўжаи Аъло қишлоғида вайрон бўлган кўплаб бинолар ва ёнган уйларнинг фотосуратларини ёйинлаганлар.