Бишкекнинг Биринчи май туман суди 14 май куни “Кампиробод иши” бўйича айбланаётганларнинг барчасига нисбатан оқлов ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири суд залидан хабар қилди.
Суд айбланувчилар хатти-ҳаракатида жиноят унсурини топмаган ва уларнинг барчасини уйдан чиқмаслик ҳақидаги тилхат асосида озод қилган.
Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилган ва ОАВ вакиллари суд залига қўйилмаган, ҳукм ўқилаётган пайтда судланувчиларнинг яқинлари ҳам суд залидан чиқариб юборилган - улар ҳукм эълон қилиб бўлингунига қадар йўлакда кутиб турганлар.
Ишни кўриб чиққан суд коллегиясига судья Марат Сидиқов раислик қилган. Суд оқлов ҳукмини чиқаргунига қадар Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларига айбланувчиларни озод қилиш ва улар зиммасидаги барча айбловларни олиб ташлаш чақириғи билан чиққан эди.
Бундан ташқари, AI “инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажаришлари учун Қирғизистон расмийларига босим ўтказиш” чақириғи билан халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилганди.
Кампиробод сув омбори ерларининг Ўзбекистонга бериб юборилишига норозилик билдирган қатор фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқбонлар 2022 йил октябрида қўлга олинган эди. Мазкур иш бўйича жами 27 киши ушланган. ИИВ уларга “оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганлик” моддаси бўйича айблов эълон қилган. Бироқ айрим фигурантларга “ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш”га ҳозирлик кўрганлик айблови ҳам қўйилган.
Орадан бир неча ой ўтиб, суд айбланувчиларнинг бир қисмини озод қилиб, уй қамоғига чиқарган. Бироқ Равшан Жеенбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Мўлдўқматов, Айданбек Ақматов, Марат Баязов, Айбек Бузурманқулов, Ильгиз Шаменов ва Темир Махмудовлар ҳали ҳам тергов ҳибсхонасида қолаётган эди.
Шунингдек, аввалроқ Ўрўзайим Нурматова ва Талантбек Эшалиев иши алоҳида кўрилиши айтилган. Шу билан бирга, сиёсатчилар Кенешбек Дуйшебаев, Бектур Асанов ва Кубаничбек Қадиров ишлари ҳам уларнинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолда алоҳида кўриб чиқиладиган бўлган.