Қирғизистон нашрлари: Бишкекка БААдан “Назарбоев оиласига тегишли” икки учоқ учиб келди

Қозоғистоннинг аввалги президенти Нурсултон Назарбоев

Бишкекдаги “Манас” аэропортига иккита хусусий учоқ қўнди – Қирғизистон нашрлари хабарига кўра, улар Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев оиласига тегишли.

24.kg нашри учоқлардан бири Bombardier Global Express русумли эканини аниқлаган. Flightradar24 сервиси маълумотига кўра, учоқ Бишкекка тахминан 23:20 да қўнган. Нашр “Назарбоевларга тегишли” иккинчи хусусий учоқ “Манас” аэропортига тахминан 22:10 да қўнганини хабар қилган.

“Эҳтимол, экипаж дам олмоқчи ёки ёқилғи қуймоқчи бўлгандир. Бунақа ҳолларда йўловчилар бортни тарк эта олмайди, юклар ҳам туширилмайди”, дея изоҳ берган аэропорт вакили.

“Манас” аэропорти матбуот хизмати Бирлашган Араб Амирликларидан Bombardier русумли битта хусусий учоқ келганини тасдиқлаган, аммо тижорат парвозини амалга оширган ушбу ҳаво кемаси кимга тегишли экани номаълумлигини қўшимча қилган.

Flightradar24 учоқнинг маҳаллий вақт билан 00:10 да аэропортдан учиб кетганини кўрсатмоқда.