Қирғизистоннинг “Керемет банк” тижорат банки Россиядаги қатор банклар мобил иловалари орқали пул ўтказмаларини тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда 20 август куни банк матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Банк маълумотларига кўра, “Сбербанк”, “МТС Банк”, “Тбанк” (Тинькофф) ва Россия Федерацияси миллий тўлов тизими оператори бўлмиш “НСПК” АЖ орқали ҳар икки тарафга пул ўтказмалари номаълум муддатга тўхтатилган.
Банк вакиллари пул ўтказмалари тўхтатилишига оид қарор қандай сабабга кўра қабул қилинганини очиқлашмаган. Улар фуқароларга “Золотая корона”, “Астрасенд”, Western Union, “Юнистрим” ва RIA халқаро тизимлари бўйича ҳали ҳам пул ўтказиш мумкинлигини эслатишган.
Аввалроқ Қирғизистондаги MBank Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг РФ банклари орқали шахсий пул жўнатмаларини 16 августдан эътиборан фақат банк реквизитлари орқали олиш ёки йўллаш мумкинлигини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, 20 август куни “Тазабек” нашри Қирғизистон Миллий банкидаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда, регулятор тижорат банкларига Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва АҚШ санкциялари остида бўлган банклар билан ҳамкорликни тўхтатишга оид огоҳлантирув билан мурожаат қилгани ҳақида хабар қилган.
Қайд этилишича, тижорат банкларига “Сбербанк”, “МТС Банк”, “Тбанк” (Тинькофф) банклари ва РФ миллий тўлов тизими оператори “НСПК” билан ҳамкорликдан тийилиш буюрилган. Кейинроқ Қирғизистон Миллий банки вакиллари “Тазабек” нашрига ҳозирда тижорат банклари томонидан Қирғизистон банк тизимига халқаро санкциялар салбий таъсирига йўл қўймаслик бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилишган.
Август ойи бошида Қирғизистон Миллий банки раҳбари Мелис Тургунбаев АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Лесли Вигери билан учрашув учрашиб, иккиламчи санкцияларни минималлаштириш бўйича чораларни муҳокама қилган эди. Ўша учрашувда Тургунбаев муайян мамлакатларга нисбатан киритилган халқаро санкцияларнинг Қирғизистон банк тизимига муҳтамал таъсири бўйича Миллий банк томонидан мунтазам равишда баҳолаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлаганди.