Қирғизистонга Суриядан 83 киши қайтарилди, уларнинг 60 дан зиёди болалардир

Суриядан Қирғизистонга қайтарилган аёллар ва болалар, 2023 йил августи

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Суриядан махсус учоқда 21 нафар аёл ва 62 нафар бола қайтарилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Сурия шимолий-шарқидаги лагерларда бўлган қирғизистонликларнинг ватанига қайтарилиши “Айкол-3” гуманитар миссияси доирасида амалга оширилган.

Қирғизистон ТИВ маълумотига кўра, қирғизистонликларнинг қайтарилишида АҚШ, БМТ Болалар фонди (UNICEF) ва Халқаро Қизил хоч қўмитаси кўмак кўрсатган.

“Айкол” гуманитар миссияси доирасидаги репатриациянинг биринчи босқичи шу йил февраль ойида амалга оширилган. Ўшанда Қирғизистонга Суриядаги жанговар ҳаракатлар ҳудудидан 18 нафар аёл ва 41 нафар бола олиб келинган эди. Август ойида эса “Айкол-2” миссияси доирасида Қирғизистонга 31 нафар аёл ва 64 нафар бола қайтарилган.

2021 йилнинг март ойида “Мээрим” гуманитар миссияси доирасида Қирғизистонга Ироқдан 79 нафар бола қайтарилган эди. Кейинроқ бу болалар яқинлари бўлган 32 оилага тақсимланганини маълум қилинган. Болаларнинг васийлари уларнинг кўпчилиги давлатдан дастак ололмаётганидан шикоят қилишган.

2013-2015 йилларда турли йўллар билан радикал диний гуруҳлар сафига кириб қолаётган қирғизистонликлар сони кўпайгани ҳақида маълумот берилган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) 2018 йилдаги маълумотига кўра, Суриядаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига 850 нафар қирғизистонлик чиқиб кетган, улардан 150 нафари ҳалок бўлган. Ўшандан буён Суриядаги жанггоҳлар ҳудудида юрган қирғизистонликлар сони ҳақида расмий маълумот берилган эмас.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари Ироқ ва Суриядаги болалар ва аёлларни олиб келиш ҳаракатларини амалга оширган.

Ўзбекистон охирги марта 2021 йил апрелида "Меҳр-5" операцияси доирасида Суриядаги “Ал-Хол” лагеридан 93 кишини, жумладан, 24 нафар аёл ва 69 нафар болани ватанига қайтарган эди.

Ўзбекистонда 2019 йилдан бери амалга ошириб келинаётган “Меҳр-1, 2, 3 ва 4” амалиётлари давомида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 438 нафар аёл ва бола олиб келингани айтилади.