Қозоғистон: Ақтау шаҳридаги икки қаватли бинода портлаш содир бўлди

Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида 7 ноябрь оқшомида содир бўлган портлаш оқибатида икки қаватли “Шерқалъа” мажмуаси биноси бутунлай вайрон бўлди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Манғистау вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, портлаш якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да Ақтау мавзеларидан бирида содир бўлган.

Фавқулодда вазиятлар департаменти бошлиғининг ўринбосари Бекбўлат Абдиқадировга кўра, мажмуада жойлашган “Аянат” кафесидаги портлаш сизиб чиққан газнинг ҳаво билан аралашгани оқибатида содир бўлган бўлиши мумкин.

“Портлаш жойида иккита газ баллони олиб чиқилди. Бино эгасининг айтишича, вайроналар остида 50 литрли яна иккита газ баллони бор”, деган мулозим.

Б. Абдиқадировга кўра, портлаш жойида бирор кишининг жабрлангани аниқланмаган. У “Шерқалъа” мажмуаси эгасининг сўзларига таянган ҳолда ходимларнинг ҳаммаси бинони соат 18:00 дан 20:00 гача тарк этишганини билдирган. Маҳаллий касалхоналарга ҳам портлашда жабрланганидан шикоят қилиб, ҳеч ким мурожаат қилган эмас.

Портлаш жойига қутқарувчи ва ўт ўчирувчилардан иборат 200 кишидан ортиқ киши ва 30 дан зиёд техника жалб қилинган.

Портлаш содир бўлган “Шерқалъа” мажмуасида кафедан ташқари дўкон, сауна, техник хизмат кўрсатиш станцияси, тикув цехи ва омборлар жойлашгани айтилмоқда. Портлашдан сўнг юзага келган тўлқин натижасида бино яқинида бўлган 11 та транспорт воситасига шикаст етган.