Қозоғистонда Пермдан Тошкентга бораётган автобус ағдарилди: беш киши ҳалок бўлди

Қозоғистон, Ақтўбе. 12 февраль, 2021. Иллюстратив сурат

7 декабрь куни тонгда Айтекеби туманида республика аҳамиятидаги автомобиль йўлининг 1028-чақириғида Перм — Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланган Yutong йўловчи автобуси ағдарилиб, жарликка тушиб кетиши натижасида 5 киши ҳалок бўлган. Улардан икки нафари Ўзбекистон фуқаролари. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, автобусда 49 нафар йўловчи бўлган.

Расмий хабарда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳ тузгани ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга етказиш ҳамда дафн тадбирларини ўтказишда оилаларига ёрдам кўрсатаётгани таъкидланади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон томони ЙТҲ тафсилотлари ва сабабларини аниқлаш бўйича биргаликда тадбирлар олиб бораётгани айтилади.

ОАВ хабарларига кўра, Ақтўбе вилояти полиция департаменти йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан терговга қадар текширув бошлаган.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари тахминан 10 минг киши ҳаётига зомин бўлади. Йўлдаги юқори хавф даражаси йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинмаслиги ва йўл қопламасининг қониқарсиз ҳолати билан боғланади.

2024 йилнинг 16 октябрь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳудуди, Бейнеу-Тожен трассасида рўй берган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг олти фуқароси ҳалок бўлган, яна тўрт нафари жароҳатланганди.

Ўша йилнинг 3 апрель куни Ақтўбе вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ҳалок бўлган.

“Daryo.uz” нашри ҳисоб-китобига кўра, 2017-2022 йилларда Қозоғистон ва Россияда рўй берган автоаварияларда 80 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ой бориб омон қайтмаганлар - Қозоғистонда ҳалок бўлган мигрантлар ҳикояси

Қозоғистон бўйлаб ўтувчи Самара-Чимкент автомобил йўли автоҳалокатлар тез-тез бўлиб турадиган йўл участкаси ҳисобланади.

Қишда қорли-сирпанчиқ, ёзда жазирама иссиқ бу йўл Ўзбекистонга қайтаётган муҳожирлар учун энг хавфли саналади.

2018 йилнинг 18 январида Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистон қисмида 52 ўзбекистонлик ёниб кетганди. Жами 57 киши бораётган автобусда ёнғин чиққан, 5 киши қочиб қутулган.

Мутахассислар бу ҳалокатларга ҳайдовчиларнинг чарчоғи, тажрибасизлиги, автомобилнинг техник носозликлари ҳамда трассадаги ноқулайликларни сабаб қилиб кўрсатишади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилги фожиага муносабат билдириб, унинг асосий сабаби мамлакатдаги ишсизлик эканини тан олганди.

Президент топшириғи билан муҳожирнинг йўл азобини енгиллатишга қаратилган қатор чоралар эълон қилинган. Меҳнат миграцияси ва муҳожирлар муаммоларини ечиш мақсадида махсус Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондан Россияга автобус, поезд, самолёт қатнови кўпайтирилиши айтилди.

Аммо, афтидан бу чоралар муҳожирларни автомобил қатновидан воз кечтира олмаган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: Меҳнат мигрантининг қонли йўли

Миграция эксперти, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад аввалроқ Қозоғистон йўллари ўзбек муҳожирлари учун асосий қатнов йўли бўлиб қолаётганини айтган эди.

"Одамлар шу йўл билан кетяпти ва бундан кейин ҳам кетса керак. Асосий сабаби - арзонлиги! Одамлар чўнтагига қараб танлаяпти бу йўлни.

Яна бир сабаб - Россия ва Ўзбекистон ўртасида Тошкентдан Москвага илгари доимий юрган поездлар қатнамаяпти. Шу поезд юриб қолганида эди, муҳожирларимизга арзонроқ тушган ва кўпчилик автобус-машинада эмас, поездда кетган бўларди. Ҳайдовчиларнинг баъзида тажрибасизлиги, техник ҳолатнинг яхши эмаслиги, йўлда чарчоқдан ухлаб қолиши, баъзида кетаётган ватандошларимиз ҳайдовчини шоширтириб тезроқ боришга ундаши каби бошқа сабаблар ҳам бор. Бундан ташқари, қишдаги Қозоғистон йўлларидаги ҳолат. Шунга қарамай, ҳозирги кунда меҳнат муҳожирлари оқимининг камайишига бирор асос йўқ", деган Ботиржон Шермуҳаммад.