Қозоғистон Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи

Остона шаҳридаги Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси (архив сурати)

Қозоғистон Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини 4 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш ниятида. Бу ҳақда 19 февраль куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан Остонада ўтказилган учрашувдан сўнг маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

“Кейинги босқичлардан бири – амалдаги динамикани йўқотмаган ҳолда, товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказиш. Биз Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги Халқаро саноат кооперацияси марказининг ишга туширилиши икки томонлама савдо айланмасига туртки беришини кутмоқдамиз”, дея билдирган Нуртлеу.

“Қозоғистон ва Ўзбекистонда яшовчи миллатдошларимиз икки мамлакатни бирлаштирувчи “олтин кўприк” бўлиб ҳисобланишади. Сизга маълумки, Қозоғистон ҳудудида 500 мингга яқин [этник] ўзбек, Ўзбекистонда эса 800 мингга яқин [этник] қозоқ истиқомат қилади. Биз буларнинг ҳаммасини икки давлатни ўзаро яқинлаштирувчи яхши омил, деб ҳисоблаймиз”, дея қўшимча қилган вазир Нуртлеу.

Мулозимга кўра, икки давлат томонидан қариндошлар ёки диаспораларни дастаклаш учун тегишли шарт-шароит яратилган.

“Мактаблар бор, газеталар чоп этилмоқда. Қозоғистонда иккита ўзбек театри бор. Шунинг учун биз бу йўналишда бундан буёнги қадамларни қўйиш ҳақида келишиб олдик”, деган Нуртлеу.

Бундан ташқари, қозоғистонлик вазирга кўра, томонлар “Марказий Осиё минтақаси аҳолиси учун долзарб бўлган масала – сув-энергетика мажмуаси юзасидан” ҳам фикр алмашиб, “уни ҳал қилиш йўлларига эътибор қаратишган”.

Қозоғистон ахборот агентликлари хабарларига кўра, 19 февраль куни Остонага борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов расмий ташриф дорасида Қозоғистон президенти қабулида бўлади ва ўзбек шоири Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этади.

Вазир Саидовнинг Қозоғистонга ташрифи Олмаотада қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) қўлга олинганидан бир неча кун ўтиб амалга ошмоқда. Муратбай маҳаллий полиция ходимлари томонидан тутиб кетилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. 17 февраль куни Олмаота суди уни 40 сутка ҳибсда тутиш бўйича қарор чиқаргани маълум бўлган эди.