Қозоғистон: Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида норозилик акцияси 249 кундан бери давом этмоқда

Хитойда тутқун бўлган яқинларини озод қилишни талаб қилаётган этник қозоқлар, Олмаота, 2021 йил 14 октябри

Қариндошлари Хитойда таъқиб этилаётган шинжонлик этник қозоқлар яна Хитойнинг Олмаотадаги консулхонаси олдида тўпланишмоқда. Норозилар гуруҳи икки ҳафта Нур-Султонда бўлиб, ҳукумат идораларига ёзма мурожаат қолдирган эди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, яқинларини қидираётган беш нафар қозоқ 14 октябрь куни яна консуллик биноси олдига келган. Улар ўз рафиқалари, ака-укалари ва ўғилларининг суратларини кўтариб турганлар. Акцияни полиция ва фуқаро кийимидаги бир одам кузатган. Хитой дипломатлари, одатдагидек, норозилар ҳузурига чиқишмаган.

Акция иштирокчиларидан бири – Алмақан Мирзан мурожаатларини пойтахтдаги барча идоралар қабул қилганини айтган. Фақат Хитой элчихонаси ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

“Яқинларимиз озод қилинмагунча норозиликни тўхтатмаймиз. Хитой ҳукумати элчиси Чжан Сяо қаршимизга чиқиб, саволларимизга жавоб берсин”, деган Мирзан.

Нур-Султонда улар 10 киши бўлиб Хитой элчихонаси олдида пикет қилишганида икки марта, жами 1 миллион 950 минг тенге жаримага тортилган. Ушбу жаримани тўлаш учун ҳамдард ватандошлардан пул йиғилмоқда, ҳозиргача 900 минг тенге пул тўпланган.

Норозилардан бири бўлмиш Ақиқат Қалиоллага кўра, маъмурий жазолар уларни тўхтатиб қола олмайди, қолаверса элчихона қаршисида туриш билан ҳеч бир қонунни бузишмаётганига унинг ишончи комил.

“Яқинларимизни қидириш, уларнинг тақдири ҳақида сўраш – қонуний ҳаққимиз. Буни на Хитой қонунлари, на бизнинг қонунчилигимиз тақиқлайди”, деган у.

Халқаро ҳамжамият Пекинни Шинжон мухтор вилоятида яшовчи уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа мусулмон халқларга нисбатан геноцид сиёсатини юритаётганликда айблайди. Хитой ҳукумати барча айбловларни рад этиб, таъқибларни эса “экстремизм ва терроризмга қарши кураш” деб атаб келади.