Қозоғистонда илк АЭС қуриладиган жой аниқланди

Украинадаги атом электр станцияси (иллюстратив сурат)

Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги илк атом электр станцияси қуриладиган жойни расман тасдиқлади. Бунга оид қарор меъёрий ҳужжатлар базасида ёйинланган.

АЭС қуриладиган жой ўлароқ Балхаш кўли яқинидаги Жамбил тумани (Олмаота вилояти) танланган.

Ҳукумат қарори 2024 йил 30 декабридаёқ имзоланган, бироқ у 2025 йил 25 февралида расман эълон қилингани ортидан кучга кирган.

Қозоғистон расмийлари ўтган йили АЭС қурилиши ҳақида қарор қабул қилишганди. Мазкур қарор қабул қилиниши учун мамлакатда референдум ўтказилган, унда овоз бериш жараёнида кузатувчилар кўплаб қонунбузарликлар кузатилгани ҳақида маълум қилишган.

Қозоғистонда кўплаб экологлар ҳалигача атом электр станцияси қурилишига қарши чиқиб келишмоқда. Улар АЭС қурилиши лойиҳа барпо қилиниши муҳтамал бўлган ҳудуд – Балхаш кўлида салбий акс этиши мумкинлигини айтишмоқда.

Жамоатчилик фаоллари ва сиёсатшунослар АЭС Россия томонидан қурилишидан хавотир изҳор қилишяпти. Уларга кўра, бу Қозоғистоннинг қўшни мамлакатга энергетик қарамлигини янада ошириши мумкин.