Қозоғистондаги конда содир бўлган портлашда камида 43 киши ҳалок бўлди (ВИДЕО)

Қарағанда вилоятидаги Костенко номли коннинг юқоридан кўриниши

Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида жойлашган Костенко номидаги кўмир конида 28 октябрга ўтар кечаси содир бўлган портлаш ортидан 43 кишининг жасади топилган.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг қозоқ хизмати яна уч кишининг жасади қидирилаётгани ҳақида ёзган.

Фожиа сабабларини ўрганаётган комиссия аъзолари топилган жасадлардан кўпининг шахсини аниқлаш имкони бўлмаётгани, чунки портлаш натижасида уларнинг юзлари таниб бўлмас аҳволга келганини қайд этилган.

Қутқарувчиларга кўра, кон ичи сувга тўлгани ва айни пайтда у ерда электр йўқлиги сабабли қидирув ишлари қийинлашган.

Озодлиқнинг қозоқ хизмати ва “Настояшчее время” мухбирлари кечадан буён кончиларнинг яқинлари маълумот кутиб ўтишган кон биносидан узатган бевосита эфир чоғида кон раҳбарияти ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўланиши ва бошқа имтиёзлар тақдим этилишини билдирган.

Аввалроқ расмийлар портлаш чоғида кондаги бирор кишининг тирик қолиши эҳтимоли жуда кам эканини қайд этишганди.

Ҳодиса ортидан портлаш содир бўлган кўмир конига Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев етиб келган. У тезкор штабнинг махсус мажлисини ўтказиб, ҳалок бўлган кончиларнинг яқинлари билан учрашган.

Тоқаев авария оқибатларини бартараф қилиш ҳамда ҳалок бўлган ва тан жароҳати олган кончиларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни топширган.

Костенко номидаги конда 1400 дан зиёд ходим ишлайди. Авария чоғида ер остида 252 киши бўлган. Ишчиларнинг катта қисмини юзага олиб чиқишга муваффақ бўлинган.

Кўмир конида 40 дан зиёд одам ўлгани ортидан Қозоғистонда 29 октябрь умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган.

Расмийлар шу пайтгача ҳодиса чоғида камида 43 киши ҳалок бўлганини тасдиқлагани эътиборга олинса, Костенко номидаги конда содир бўлган аварияни мустақил Қозоғистон тарихидаги қурбонлар сони бўйича энг йирик ишлаб чиқариш ҳалокати деб ҳисоблаш мумкин.

Сўнгги бир неча йил ичида “АрселорМиттал Темиртау” ширкатига қарашли конларда бир неча йирик авария содир бўлган. Август ойида “Қозоғистон” конида конвейер тасмаси ёниб кетган. Ҳодиса чоғида 227 киши ер остида бўлган. Ўшанда ер устига 222 киши олиб чиқилган, беш нафар кончининг жасади эса қидирув ишлари чоғида топилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам Ленин номидаги конда содир бўлган ёнғин чоғида беш киши ҳаётдан кўз юмган. Бу шахта тарихидаги энг йирик авария эса 2006 йилда содир бўлган бўлиб, ўшанда метан гази портлаши оқибатида 41 нафар кончи нобуд бўлган эди.

Расмий маълумотларга кўра, саккизта кон ва Қарағанда вилоятидаги металлургия комбинатига эгалик қилувчи “АрселорМиттал Темиртау” ширкати объектларида сўнгги 15 йил ичида 100 дан зиёд одам ўлган.