Қозоғистонлик вазир: Россия ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузилиши ҳақида сўз йўқ

Болат Акчулаков

Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков Қозоғистон газ масаласи бўйича Россия ва Ўзбекистон билан тиғиз ҳамкорлик қилаётгани, бироқ “газ иттифоқи” тузиш масаласини муҳокама қилмаганини билдирди.

Биз “газ иттифоқи” тўғрисида ҳеч қанақа музокара олиб борганимиз йўқ. Биз икки томонлама сўзлашувлар олиб борганмиз – сиз жуда яхши биласизки, мен тез-тез Россияга бориб келяпман, у ерда, жумладан мамлакат шимолий-шарқини газлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга ҳаракат қиляпман. Битта тизимга оид бўлганимиз учун – ҳам Осиё газ қувури, ҳам Бухоро газ район – Тошкент – Бишкек – Олмаота бўйича Ўзбекистон билан ҳам алоқаларимиз бор. Яъни биз билан боғлиқ газ транспорт тизими тўла бошқариш юзасидан. Газ масаласи бўйича Ўзбекистоннинг Россия билан ўз алоқалари бор ва бу масалаларни улар ўзаро ҳал қилмоқдалар. Баъзан шундай масалалар юзага келадики, уччала томон бирга ўтириб, гаплашиб олишимизга тўғри келади. Бироқ бу иттифоқ тузиш зарурлигини англатмайди”, деган вазир Акчулаков Atameken Business телеканалига.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истагини Владимир Путин ўтган ой охирида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Москвадаги учрашуви чоғида билдирган эди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 7 декабрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши эса, вазирга кўра, иттифоқ тузилишини англатмайди.