Мобилизация ортидан Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келди

Мобилизация қилинган россияликлар.

Россияда мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан сўнг Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келди. Улардан 320 мингги мамлакатдан чиқиб кетди. Айни пайтда Қозоғистонда юз мингга яқин россиялик қолмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Тамара Дуйсенова маълум қилди.

4 октябрда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 21 сентябрдан бери мамлакатга 200 мингдан ортиқ россиялик келгани ва улардан 147 мингги чиқиб кетгани тўғрисида билдирган эди.

Қозоқ Миллий банкининг билдиришича, 2022 йилнинг октябрида Россиядан Қозоғистонга 5,6 миллиард рубл пул ўтказилган. Бу эса 2021 йилнинг октябридаги кўрсаткичдан 13 баробарга кўпдир.

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилгани ортидан мамлакатни юз минглаб россияликлар тарк этгани хабар қилинган. Жумладан, минглаб россияликлар Ўзбекистонга келган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини билдирган эди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари эса октябрда Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келганини билдирган.