Қозоғистонда январь воқеалари пайтида қўлга олинган шахсни ўласа қилиб калтаклаган 7 полициячи қамалди

Январь воқеалари пайтида ағдарилган Нурсултон Назарбоев ҳайкали.

Олмаота шаҳар Алмали туман суди етти полициячини январь воқеалари пайтида қўлга олинган Жасулан Анафияевни қийнаб ўлдирганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда Олмаота шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.

Жиноят кодексининг қийноққа солиш моддаси асосида судланган Аян Елубеков ва Махамбет Шинжирбаев 10 йилданга, Закир Ибрагимов 9 йилга, Нурлан Торибаев, Ардак Азимбеков ва Бейбит Жакипбаев 8 йилданга, Арнат Мирадилови 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд уларни барча унвонлардан ва давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Шунингдек, судланувчилар жабрланувчилар фойдасига 20 миллион танга (246 минг доллар) миқдорида товон пули тўлаши шарт.

Қозоғистонда газ нархи қимматлаганига қарши оммавий норозиликлар 2022 йилнинг 4 январида бошланиб кетган эди. Кейинроқ норозилик оммавий тартибсизликларга айланиб кетган ва 7 январь куни куч билан бостирилган эди. Бу воқеалар пайтида Қозоғистон илтимоси билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилган эди.

Расман билдирилишича, январь воқеалари пайтида 238 киши ҳалок бўлган. Улардан олти нафари ҳибсхонада вафот этган. Олти фарзанднинг отаси Жасулан Анафияев улардан бири эди. Бундан ташқари минглаб одам қўлга олинган, юзлаб одам қийноққа солинганини билдиришган. Лекин қийноқлар масаласида қўзғатилган жиноят ишларининг асосий қисми тўхтатилган.