Германия Мудофаа вазирлиги Қрим масаласи ва президент Владимир Путин тўғрисида фикр билдиргани ортидан Германия ҳарбий денгиз кучлари қўмондони, вице-адмирал Кай-Ахим Шёнбах истеъфога чиқарилганини маълум қилди.
Расман билдирилишича, Шёнбах истеъфо бериши тўғрисида ўзи ариза ёзган.
Шёнбах Ҳиндистоннинг Мудофаа тадқиқотлари институтида сўзлаган нутқида Россиянинг Украинага таҳдид қилишидан аососий мақсади Ғарбни ўзини ҳурмат қилишга ундаш деб ҳисоблашини айтди.
Унга кўра, Ғарб Россия ва “шахсан президент Владимир Путинга ҳурмат” кўрсатса ҳеч нарса ютқазмайди. Немис вице-адмирали ўз нутқи давомида “Қрим ярим ороли ҳеч қачон Украинага қайтарилмайди. Бу факт”, деб билдирган.
Бундай позиция Германия ва унинг иттифоқчилари расмий позициясига зид келади. Германия ва иттифоқчилар Россия Қримни ноқонуний равишда босиб олган, деб ҳисоблайди ва Россиядан уни Украинага қайтаришни талаб қилади.
Шёнбах истеъфо берганидан сўнг ижтимоий тармоқларда ўз сўзлари учун узр сўради ва “бу шахсий фикр бўлганини” ва “нотўғри сўзларни гапирганини тушуниб етгани”ни билдирди.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Шёнбахни кескин танқид қилди ва Қрим “иттифоқчилар қўллови билан Украинага қайтарилиши”ни таъкидлади.