Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ингушетия аҳолиси ва оқсоқолларига қилган видеомурожаатида, улар томонидан ўзига нисбатан қўйилаётган айбловларни асослаб бериш учун уч кун муҳлат берди.
Қодиров “агар айбловлар асоссиз бўлса ва унинг ҳамиятига тегса” қўлидан келган барча ишларни амалга оширишини айтиб, “мен учун ҳеч қандай қонун мавжуд эмас”, деб билдирди.
Шунингдек, Қодиров Чеченистоннинг Ингушетия билан чегараларини қайта кўриб чиқишгача боришини ва чеченлар яшайдиган қишлоқларни Ингушетиядан “тортиб олишини” айтиб, таҳдид қилди. Унга кўра, 2018 йилдаги шартномага асосан айрим чечен қишлоқлари Ингушетия таркибида қолиб кетган.
Қодиров мазкур баёнотни Ингушетия ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Яхё Хадзиев “Қодиров билан учрашганда у билан қучоқлашиб кўришгани учун” ингуш халқидан кечирим сўрагани ортидан эълон қилди.
2018 йил 26 сентябрда Чеченистон ва Ингушетия ўртасидаги чегара битими имзоланган эди. Мазкур битимнинг имзоланиши ортидан Ингушетияда 2018 йилнинг кузи ва 2019 йилнинг баҳорида кўп минг кишилик норозилик митинглари ўтказилган. Норозилар битим нохолис ва адолатсиз бўлган деб ҳисоблашларини билдирганлар.