Собиқ судья Янгулбаев Рамзан Қодировнинг таҳдидларидан сўнг Россияни тарк этди

Чеченистон Олий судининг собиқ судьяси Сайди Янгулбаев.

Чеченистон Олий судининг собиқ судьяси Сайди Янгулбаев қизи Алия билан Россияни тарк этди. Бу ҳақда Қийноқларга қарши қўмита юристи Сергей Бабинец маълум қилди. Улар қайси давлатга кетгани ҳозирча айтилмади.

20 январь куни ўзларини Чеченистон ИИВ ходимлари деб таништирган шахслар Сайди Янгулбаевнинг Нижний Новгороддаги квартирасига бостириб кирган эди. Улар Янгулбаев ва унинг хотини Зарема Мусаевани “товламачилик иши бўйича гувоҳлик бериш учун” Чеченистонга мажбурий олиб кетмоқчи бўлган.

Аммо Янгулбаев даҳлсизлик мақомига эга бўлгани учун Чеченистонга фақат унинг хотинини олиб кетишган. Айни пайтда Зарема Мусаеванинг қаерда экани ва унинг соғлиғи тўғрисида яқинларига бирорта маълумот берилмаяпти.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров жума куни Янгулбаевлар оиласига таҳдид қилинган видеони эълон қилган. Қодиров видеода “бу оилани қамоқ ёки ер ости кутиб турибди” деб айтган. Қодировга кўра, Грознийга олиб келинган Мусаева полиция ходимини калтаклаган.

Қодиров Янгулбаевлар оиласини мухолифат телеграм каналига алоқадор, деб гумонламоқда. Аммо Сайди Янгулбаевнинг ўғли Абубакар Янгулбаев “Дождь” телеканалига берган интервьюсида Қодировнинг бу иддаосини рад этган ва президент Путиндан Қодировни Чеченистон раҳбарлигидан бўшатишни илтимос қилган.