Кеча дахлсиз, бугун жиноятчими? “Равшан Золотой” Интерпол қидирувида

"Равшан Золотой" лақаби билан танилган Равшан Муҳиддинов (чапдан энг чеккада) Париждаги олимпия тадбирида президент куёви Отабек Умаров билан бир қаторда турган суратини тармоқда улашди. Instagram / 2024 йил, октябр

Жиноят оламида “Равшан Золотой” лақаби билан танилган ўзбекистонлик Равшан Муҳиддинов яна Интерполнинг халқаро қидирув рўйхатига киритилди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Муҳиддиновга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси, жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш бўйича айблов қўйган.

Муҳиддинов жиноий уюшма ташкил этиш айблови билан аввал ҳам 12 йил давомида халқаро қидирувда бўлган.

Интерпол базасида эълон қилинган маълумотга кўра, 37 ёшли Равшан Муҳиддинов Ўзбекистон сўрови билан халқаро қидирувга берилган. Унга нисбатан Интерполнинг “қизил билдиришнома”си чиқарилган бўлиб, бу аъзо давлатларга уни аниқлаш ва вақтинча ҳибсга олиш бўйича сўров юборилганини англатади.

Интерпол саҳифасида қайд этилишича, Муҳиддинов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (“Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш”), 242-моддаси 2-қисми (“Жиноий уюшма ташкил этиш”) ва 277-моддаси 3-қисми (“Безорилик”) бўйича айбланмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган Муҳиддиновнинг яқинларидан бирининг айтишича, у ўзининг халқаро қидирувга берилгани ҳақида жорий йилнинг 9 март куни хабар топган. Манба иддаосича, бу маълумот оммавий ахборот воситаларига орадан қарийб бир ярим ой ўтиб сиздирилган.

Муҳиддиновнинг қидирув эълонида унинг Ўзбекистон фуқароси экани қайд этилган.

Мавзуга алоқадор

Сўнгги чорак асрда иккинчи ўзбекистонлик "вор в законе"га айланди

Муҳиддиновнинг яқинига кўра, Равшан Муҳиддинов айни пайтда Туркия фуқаролигига ҳам эга. Манбанинг сўзларига кўра, кейинги йилларда Истанбулда яшаб келган Муҳиддинов унга нисбатан қидирув эълон қилингач, Европа давлатларидан бирига чиқиб кетган. Суҳбатдош қайси мамлакат эканини очиқламади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча Равшан Муҳиддиновнинг Интерпол қидирувига берилганини расман изоҳлагани йўқ. Шунингдек, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тафсилотлари ҳам очиқланмаган.

Айбловларга асос бўлган воқеалар, жиноят иши қачон очилгани ва тергов қай босқичда экани ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

Озодлик Равшан Муҳиддинов ёки унинг эҳтимолий вакилларидан бу айбловлар ҳамда унинг халқаро қидирувга берилиши юзасидан изоҳ олишга уринди, аммо ҳозирча муносабат ола олмади.

Муҳиддинов 2007 йилда ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 242-моддаси — уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш гумони билан қидирувга берилган эди.

Ўзбекистонни тарк этган Муҳиддинов кейинги 12 йил давомида халқаро қидирувда бўлган. Шу даврда у Тошкент сўрови асосида Истанбул ва Дубайда ҳибсга олиниб, қамоққа ташлангани айтилган. Кейинчалик эса озод қилинган.

Мавзуга алоқадор

12 йил халқаро қидирувда бўлган "Равшан Золотой" оқланиб¸ Тошкентга қайтди

Муҳиддиновнинг яқинига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Равшан Золотой”га қарши ўша эски ишни қайта очишган ва қидирувга беришган.

Равшан Муҳиддинов жиноят оламида “Граф” ва “Ғофурбой” лақаблари билан танилган криминал авторитет Ғафур Раҳимовнинг жияни ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаларига кўра, Муҳиддинов “Биродарлик халқаси” деб аталувчи уюшган жиноий тармоқнинг етакчи аъзоларидан бири сифатида кўрилган.

АҚШ Молия вазирлиги ҳужжатларида “Биродарлик халқаси” аъзолари Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкасида фаолият юритиши қайд этилган. Шу ҳужжатларда Муҳиддиновнинг тоғаси Ғафур Раҳимов мазкур тармоқ етакчиларидан бири сифатида тилга олинган.

Мавзуга алоқадор

Ғафур Раҳимов “самосуд” қилган жияннинг иқрори акс этган видео тарқалди

Ғафур Раҳимов 2012 йилда АҚШ томонидан “Евроосиёдаги жиноий синдикат” етакчиси сифатида санкциялар рўйхатига киритилган эди.

Бироқ 2018 йил июлида, Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан қарийб икки йил ўтиб, Раҳимов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг қидирувдаги шахслар рўйхатидан чиқарилди ва мамлакатга қайтди.

Орадан бир йил ўтиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терговчилари Равшан Муҳиддиновга нисбатан аввал эълон қилинган қидирув ҳам бекор қилинганини маълум қилган эди.

“Равшан Золотой” жиноят олами вакили сифатида тилга олинса-да, 2023 йил кузида “кўча”га қарши ўтказилган ва “Долзарб 40 кунлик” деб номланган рейдлар чоғида дахлсиз қолди.

Ушбу рейдлар давомида ҳатто Ўзбекистондаги энг йирик криминал авторитетлардан бири сифатида кўрилган, “Салимбойвачча” лақаби билан танилган Салим Абдувалиев ҳам қўлга олиниб, маълум муддат қамоқда сақланган эди. Айни пайтда унинг ҳануз уй қамоғида экани айтилмоқда.

Кўчага қарши амалиётлар пайтида Равшан Муҳиддинов нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушмади, балки президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров билан бирга йирик спорт тадбирларида ҳам кўриниш берди.

Муҳиддинов ўзининг Instagram саҳифасида ўзбек спортчиларининг қўллов учун унга миннатдорлик билдирган видеоларини ҳам улашган.

Президент Мирзиёевнинг куёви, ҳозирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини бошқараётган Отабек Умаров эса АҚШ ёки Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан турли жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган шахслар билан бирга кўриниш бергани ҳақида очиқ изоҳ бермаган.

Очиқ манбаларда Равшан Муҳиддиновнинг ўз тоғаси Ғафур Раҳимов билан зиддиятга киришгани ҳақида ҳам маълумотлар чиққан.

Хусусан, 2021 йил бошида Муҳиддинов иштирокидаги видеолавҳа тарқалган эди. Унда у ўзининг айтишича, тоғаси Ғафур Раҳимов буйруғи билан калтакланганини билдирган.

Мавзуга алоқадор

“Кўча"га қарши рейдларнинг “ичкариси”га назар

Жорий йил бошида Ўзбекистонда Равшан Муҳиддиновнинг қайнотаси, кўча авторитетларидан бири сифатида тилга олинадиган Ҳадият Иброҳимов ҳам қамоққа олинган эди.

Бу ҳақда расмий идоралар очиқ маълумот бермаган. Бироқ Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Иброҳимов қотиллик ва наркотик савдосига алоқадорлик гумони билан ушланган. Озодлик бу иддаони мустақил манбалар орқали тасдиқлай олмади.

Айни пайтда, ўзбекистонлик шарқшунос олим Неъматулла Иброҳимовнинг ўғли бўлган Ҳадият Иброҳимов камида тўрт ойдан буён ҳибсда сақланаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, Равшан Муҳиддиновнинг божаси, Real Sanjik номи билан танилган блогер Санжар Каримов ҳам сўнгги беш ойдан буён ҳибсда сақланмоқда. Айни пайтда унинг тошкентлик фуқаронинг уйини алдов йўли билан эгаллаб олишга уринишига оид шов-шувли суди давом этмоқда.

Санжар Каримов 2025 йил 26 ноябрь куни Ички ишлар органларининг махсус рейди чоғида қўлга олинган эди. Тергов маълумотларига кўра, у товламачилик ҳамда ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш каби жиноятларда гумон қилинмоқда.

Муҳиддиновга қарши янги қидирув эълони унинг сўнгги йилларда Ўзбекистон элитасига яқин муҳитда эркин ҳаракатлангани ҳақидаги саволларни яна кун тартибига чиқарди.