RFE/RL “Роскомнадзор”нинг “хорижий агент” ОАВларга оид буйруғини бекор қилишни талаб қилмоқда

"Свобода" радиосининг Москвадаги таҳририяти

“Роскомнадзор”нинг “хорижий агент” деб топилган оммавий ахборот воситаларининг журналистик материалларини маркировка қилиш тўғрисидаги буйруғи бекор қилиниши керак. Мазкур буйруқ “хорижий агентлар”га оид Россия қонунчилигидаги бошқа қоидалар каби халқаро ҳуқуқ, РФ Конституцияси, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун меъёрларига, медиабозорда тенг рақобатлашиш ва ахборот олиш эркинлиги тамойилларига хилофдир”.

Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси медиаширкатининг Россиядаги манфаатларини тамсил этувчи “РСЕ/РС” МЧЖ бош директори Андрей Шарий Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасида Россия ТИВ томонидан ташкил қилинган тушлик чоғида ана шундай баёнот берди.

Маросим “Россиядаги хорижий агент мақомли чет эл оммавий ахборот воситалари” деб аталса-да, у асосан АҚШнинг “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунчилигини ва Россиянинг бошқа мамлакатларга ахборот таъсирини чекловчи, Москва назарида адолатсиз чораларни танқид қилишга бағишланган.

Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) вакиллари ва Европа кенгашининг Россиядаги делегацияларига эса сўз айтиш учун тадбир якунида кўпи билан беш-етти дақиқа ажратилган.

Нонушта маросими бекаси — Россия ТИВнинг Ахборот ва матбуот шуъбаси директори Мария Захарова Россиянинг “Хорижий агент ОАВлар”га оид қонунчилиги АҚШ ҳукуматининг “Америкадаги россиялик журналистларга қарши” хатти-ҳаракатлари инъикоси эканини айтган.

“Биз “қонга қон, жонга жон” принципи бўйича ҳаракат қилишга мажбурмиз”, дея урғулаган у. Захаровага кўра, “хорижий агент ОАВларни тамсил қилувчи журналистлар Россияда чекловларга дуч келишмайди ва ушбу соҳанинг бошқа барча вакиллари билан бир хил ҳуқуқлардан фойдаланишади”.

RFE/RL раҳбарияти ва халқаро журналистик ташкилотлар вакиллари “Свобода” радиосининг Россиядаги иш шароити билан ҳамда “Россия сегодня” ХААга тегишли RT телеканали ва бошқа лойиҳаларнинг АҚШдаги шароитини мутлақо солиштириб бўлмаслигини айтиб, ушбу нуқтаи назарни бир неча бор рад этишган.

Россия ҳукумати “Свобода” радиоси, “Настояшчее время” телеканали ва RFE/RL нинг рус тилидаги бошқа лойиҳаларига “хорижий агент ОАВлар” тўғрисидаги қонунчиликнинг айрим меъёрларини бажармагани учун жарима солмоқда.

2021 йил январь — майда “Роскомнадзор” RFE/RL томонидан мақолаларни маркировка қилишга оид қаттиқ талаблар бузилгани ҳақида 520 та баённома тузиб, судга тақдим этган. Чиқарилган суд қарорлари бўйича умумий жарима миқдори 120 млн сўмдан ошган. “РСЕ/РС” МЧЖ ўзига қарши суд қарорлари устидан шикоят берган, бироқ апелляция маҳкамаси уларни ўзгаришсиз қолдирган. Май ойи ўрталарида Озод Европа/Озодлик радиоси вакиллари Россия ҳукуматига қарши даъво билан Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилишган.

“Свобода” радиоси ва RFE/RLга оид бошқа лойиҳаларга қарши чеклов чоралари ҳамда катта миқдордаги жарималар моҳиятан цензура бўлиб, улар орқали Россия ижтимоий ҳудудидан мустақил ОАВларни сиқиб чиқариш кўзланган, дейилган медиаширкатнинг даъво аризасида.

2 июнь куни “Роскомнадзор” 2021 йил июнь-июль ойларида “РСЕ/РС” МЧЖ ва унинг бош директорига қарши маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 130 та янги иш қўзғатиш ниятида эканини маълум қилди. Мазкур янги ишлар бўйича жарималарнинг ялпи суммаси 70 млн рублдан зиёд бўлиши мумкин.

Май ойида Суд приставлари хизмати “РСЕ/РС” МЧЖдан жарималарни мажбуран ундиришга оид 20 та ижро иши очди. Жамиятнинг банк ҳисобварағидан маблағлар ечиб олинди, приставлар таҳририят биносига келиб,барча жиҳоз ва мебелларни фототасвирга олишди.