Рим папаси “Ислом давлати” гуруҳининг собиқ “пойтахт”ида чиқиш қилди

Мўсулдаги насронийлар билан учрашган Рим папаси Франциск, 2021 йил 7 марти

Рим-католик черкови раҳбари Франциск якшанба куни Ироқнинг Мўсул шаҳрига келди. У Рим папалари орасида Ироққа сафар қилган илк руҳоний бўлди.

Ироқ шимолидаги Мўсул шаҳри уч йилдан кўпроқ муддат “Ислом давлати” террор ташкилоти жангарилари назорати остида бўлган. Айнан шу шаҳарда ИДнинг собиқ раҳбари, кейинчалик АҚШ махсус амалиёти чоғида ўлдирилган Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йили “халифалик” тузилганини эълон қилган. Мўсул 2017 йили халқаро коалиция кўмагида Ироқ армияси томонидан ИД жангариларидан озод қилинган.

Рим папаси шаҳардаги вайрона ҳолига келиб қолган черковлар ўртасидаги майдонда диндошлари олдида чиқиш қилди.

Шанба куни папа Франциск нуфузли шиа уламоларидан бири оятуллоҳ Али Систоний билан учрашган. Нажаф шаҳрида бўлиб ўтган мазкур учрашувда Ироқда турли дин вакилларининг биргаликда тинч-осойишта турмуш кечириши имконияти муҳокама қилинган.

Рим папаси Ироққа жума куни келиб, мамлакат президенти Барҳам Солиҳ билан учрашган. Бу мамлакатда православ, католик ва бошқа мазҳабларга мансуб насронийлар яшайди. Улар сони бир пайтлар 1,5 миллион чоғли бўлган, аммо урушлар туфайли уларнинг кўпи мамлакатни тарк этган ва бугунга келиб Ироқда 300 минг нафар атрофида насроний қолган.