Россия: Давлат думаси СССРни фашистлар Германияси билан тенглаштиришни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қабул қилди

Россия Давлат думаси биноси

Россия Давлат думаси “фашистлар Германиясини яксон қилишда совет халқининг ҳал қилувчи роли ҳамда Европа мамлакатларини озод қилишда Совет Иттифоқининг инсонпарварлик миссияси”ни рад этишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ҳужжат “совет раҳбарияти, ҳарбий қўмондонлиги ва ҳарбийларининг мақсад, қарор ва хатти-ҳаракатларини фашистлар Германияси вакиллари мақсад, қарор ва хатти-ҳаракатлари билан” тенглаштиришни ҳам тақиқлайди.

Қонун лойиҳаси бутунлай қабул қилинган тақдирда, мазкур тақиқ омма олдидаги чиқишлар, оммага намойиш қилинадиган асарлар, оммавий ахборот воситалари фаолияти ва интернетга дахлдор бўлади.

Лойиҳа Давлат думасига 5 май куни Россия президенти Владимир Путин ташаббусига мувофиқ равишда қуйи палатанинг маданият бўйича қўмитаси раҳбари Елена Ямпольская, биринчи вице-спикер Александр Жуков ҳамда сенатор Алексей Пушков томонидан киритилган. Ҳужжат муаллифларига кўра, унинг мақсади “боболаримиз ва аждодларимиз шаънига очиқ ҳақорат ёғдирилиши ва Ғалабамиз устидан манфурона чайқов қилинишига қонуний тўсиқ қўйиш” бўлиб ҳисобланади.