Россиянинг Калугасида мактаб ўқувчилари давлатга хиёнатда айбланди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Калуга вилоятида 16 ёшдаги икки ўқувчи давлатга хиёнатда айбланди. Бу ҳақда Озодликнинг рус хизмати Astra нашрига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, ўқувчилар 2023 йилнинг июлида Красний Городок қишлоғида уяли алоқа мезанасига ўт қўйганликда айбланмоқда.

Тергов ўсмирлар телеграм канал орқали Украинада Москвага қарши урушаётган “Свобода России” легионига аъзо бўлганини иддао қилмоқда. Тергов материалларида қайд этилишича, улар легион раҳбарларидан уяли алоқа мезанасига ўт қўйиш тўғрисида буйруқ олган.

Ўсмирлар ўт қўйгани оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Уларга нисбатан яшаш жойини тарк этмаслик эҳтиёт чораси қўлланилган. Давлатга хиёнат айблови бўйича Россия қонунчилигида катта миқдорда жарима, кўп йиллик ёки умрбод қамоқ жазоси белгиланган.

“Первий отдел” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг билдиришича, 2023 йилда давлатга хиёнат юзасидан Россияда рекорд даражада жиноят ишлари қўзғатилган. Расмий маълумотларга қараганда, шу кунгача судларга давлатга хиёнат айблови бўйича 63 та иш жўнатилган, улардан 33 таси юзасидан ҳукм чиқарилган.

Россиялик ҳуқуқ фаоллари 2024 йилда давлатга хиёнат айблови билан бундан ҳам кўпроқ жиноят ишлари қўзғатилиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.