Москва шаҳар суди донецклик айирмачилар собиқ командири Игорь Стрелковни (Гиркин) экстремизмга чақириққа оид иш бўйича 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Суд Стрелковга уч йил давомида интернет-ресурсларни бошқаришни ҳам тақиқлаган.
Аввалроқ прокурор Стрелков учун жазо ўлароқ 4 йилу 11 ойлик қамоқ муддатини сўраган эди. Мазкур модда бўйича максимал жазо муддати 5 йилни ташкил этади. Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтган - маҳкамага журналистлар қўйилган эмас.
Ҳукм ўқиб эшиттирилганидан кейин Стрелковни ҳимоя қилган адвокат Александр Молохов “Интерфакс” агентлигига ҳукм устидан шикоят аризаси киритилажагини билдирган.
Игорь Стрелков ўтган йилнинг 21 июлида қўлга олинган эди. Унга қарши иш Стрелковнинг телеграм-каналида 2023 йил 25 майида ёйинланган иккита пост асосида қўзғатилган.
Мазкур постларда Стрелков Қрим муаммоси ва россиялик урушга чақирилганларга пул тўланмаётгани юзасидан мулоҳазаларини баён этган. ФСБ Криминалистика институти экспертлари бу постларда экстремистик фаолиятни амалга оширишга чақириш аломатларини топишган.
Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) захирадаги полковниги бўлган Игорь Стрелков 2014 йил апрелида Украинанинг Донецк вилоятидаги Славянск шаҳрини эгаллаб олган россияликлар отряди командири сифатида танилган. Кейинроқ у ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилган “Донецк халқ республикаси”нинг “мудофаа вазири” вазифасини бажарган.
2022 йил ноябрида Ҳаагадаги суд Стрелков ва яна уч кишини 2014 йилда Донбасс узра учиб кетаётган Малайзиянинг “Боинг” учоғи (MH17) уриб туширилиши ва 298 нафар йўловчи ўлимида айбдор деб топган. Суд материалларига кўра, учоқ айирмачилар томонидан Россия армиясига қарашли “Бук” зенит-ракета мажмуаси воситасида уриб туширилган, Стрелков ва бошқа иштирокчилар эса мазкур амалиёт давомида Россия махсус хизмати ва армиясидаги кураторлари билан муттасил алоқада бўлиб туришган. Ҳаага суди Стрелковни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган, бироқ Россия уни Ҳолландияга топширишдан бош тортган.