Россия Давлат думаси депутатлари иккинчи ва учинчи ўқишда вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосини тайинлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди.
Қонун Жиноят кодексининг жинсий тажовуз ва жинсий тусдаги зўравонликка доир моддаларига ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Мазкур моддаларнинг ҳозирги таҳририда умрбод қамоқ 14 ёшгача болага нисбатан жинсий характердаги зўравонлиги учун муқаддам судланган шахс ушбу жиноятни такроран содир этган ҳоллардагина тайинланиши белгиланган.
Янги қонун умрбод қамоқ жазосини қўллаш доирасини кенгайтиради. Қабул қилинган ўзгартишларга мувофиқ, педофил-рецидивистлардан ташқари, икки ва ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий жиноятлар содир этилган ёки ушбу жиноятлар шахсга қарши бошқа оғир жиноят билан боғлиқ тарзда амалга оширилган ҳолатларда ҳам 15 йилдан 20 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Қонун лойиҳаси Давлат думасининг давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси павел Крашенинников, ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн ҳамда сенатор Андрей Турчак томонидан тайёрланган.
2021 йил сентябрида Киселёвск шаҳрида ўн ёшли икки қизча ўлдирилиб кетилган эди. Муқаддам вояга етмаганларга нисбатан жинсий характердаги жиноят содир этгани учун судланган 41 ёшли Виктор Пестерников уларни аввал зўрлаб, кейин ўлдирганига иқрор бўлган.
Депутатлар ушбу воқеадан сўнг қонун лойиҳасини яратишга киришганлар. Уларнинг ташаббусини Давлат думаси раиси Вячеслав Володин дастаклаган.