Россия, Туркия ва Эрон президентлари 7 сентябрь куни Теҳронда бўлиб ўтадиган саммитга йиғилди. Улар Сурияда мухолифатнинг сўнгги истеҳкомида қўшинлар жангга киришмай туриб, қонли тўқнашувнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Туркияга чегарадош Идлиб вилоятини қайтариб олиш учун Сурия ҳукумат қўшинлари бошлайдиган ҳужум ортидан рўй бериши мумкин бўлган фожианинг олдин олиш учун уч раҳбарнинг бир тўхтамга келиши кутилмоқда. БМТ Башар Асад қўшинлари ҳужуми ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. У ердан Сурия ҳукуматига қарши курашаётган ўн минглаб исёнчилар бошпана топган.
Ўша исёнчилар орасида “Ал-Қоида”га алоқадор 10 мингга яқин жангчи бор. Айни дамда Идлиб вилоятида 3 миллион киши яшайди, уларнинг деярли ярми Суриянинг бошқа жойларидан кўчган кишилардир.
Россия ҳам, Эрон ҳам – Сурия ҳукумати иттифоқчиси. Шу кунларда Асад ҳукумати Идлибни қайта қўлга киритишга интиляпти. Бу 7 йиллик фуқаролар урушида ғалаба қозониш йўлидаги энг муҳим қадам бўлса ажаб эмас. Уруш давомида 400 мингдан ошиқ ватандош ҳалок бўлди. Миллионлаб кишилар яшаб турган жойларини ташлаб кетди.
Идлиб вилояти Россия учун ҳам, Сурия учун муҳим стратегик аҳамиятга эга, чунки у Асаднинг бош таянч ҳудуди бўлган Латакия вилоятига чегарадош. Яна Россиянинг энг йирик ҳарбий базаси ҳам шу ерда жойлашган.
Туркия ушбу вилоятдаги кўплаб исёнчиларни қўллаб-қувватлайди. Аммо расмий Анқара яқинда музокарадош шериклари томонига ўтди. Шериклар илгари “Жабҳат Ан-Нусра” деб аталган, айни пайтда эса “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” номи билан машҳур “Ал-Қоида” бўлинмасини “террорчилик ташкилоти” сифатида йўқ қилиш керак, деб ҳисоблайди.
Россия расмийлари бундай “террорчилик” ташкилотлари “йўқ қилиниши” кераклигини айтиб келади, аммо рус ҳарбийлари экстремист жангариларни Туркия қўллаб-қувватлаётган исёнчи гуруҳлардан ажратиш йўлларини қидирмоқда.
Сурия ҳужум қилиш учун минглаб аскарларни бир жойга йиғаётган пайтда Россия 10 та ҳарбий кемаси билан 2 та сувости кемасини Сурия қирғоғига жойлаштириб, ҳарбий қудратини намойиш қилмоқчи бўлди. Путин ҳукумати Сурия армиясини 2015 йилдан бери ҳаводан қўллаб келмоқда.
Сурия можаросига ҳеч қачон расман аралашмаган Ғарб мамлакатлари Ислом давлати экстремистик ташкилотига қарши Сурия шимолида жанг қилаётган курдлар етакчилигидаги халқ қўшинларига ёрдам кўрсатган эди.
Қўшма Штатлар, Франция ва Британия ҳукуматлари Асадни, мабодо Идлибда кимё қуроли қўллайдиган бўлса, жим қараб турмаслигидан огоҳлантирди.
Россия, Сурия ва Эрон кимёвий қурол билан ҳужум режалаштираётганини рад этди. Аммо АҚШ ҳукуматининг Сурия масалалари бўйича маслаҳатчиси Жим Жеффри 6 сентбярь куни журналистларга АҚШнинг иддаосини тасдиқловчилар “кўплаб исботлар” борлигини айтди.
Эрон жангчилари бутун фуқаролар уруши давомида жон-жаҳди билан Асадни ҳимоя қилиб келди. Энди ушбу мамлакат президенти Сурия масаласи бўйича уч мамлакат саммитига мезбонлик қилаётир. Бир йилдан кам вақт мобайнида Туркия, Россия ва Эрон президентлари учинчи марта учрашмоқда.