Россия: Мигрантлар пул ўтказмаларидан бож ундириш таклиф қилинди

Иллюстратив сурат

Россия Давлат думаси депутати Сергей Миронов хорижлик фуқаролари учун трансчегаравий пул ўтказмаларига давлат божи киритилиши зарурлигини билдирди.

Унга кўра, 2024 йили Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари Россиядан ватанларига 14 миллиард доллардан кўпроқ пул жўнатишган.

Мигрантларнинг аксар қисми Россияда ҳеч қанақа солиқ тўламай юради, шу билан бирга гастарбайтерлар давлатнинг бутунлай бепарволиги туфайли улкан миқдордаги маблағларни мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқда… Агар 3 фоизлик бож жорий этилса, ғазнага фақат икки мамлакат – Қирғизистон ва Ўзбекистонга кетаётган пул ўтказмаларининг ўзидан 45 миллиард рублдан кўпроқ пул тушарди. Наҳот бундай пул бизга керак эмас бўлса? Бу борада қонунчилик ташаббуси ҳозирлаб, Давлат думасига киритамиз”, дея ваъда қилган Сергей Миронов.

Депутат 2021 йилда Россия ҳукуматида пул ўтказмалари учун қўшимча пул ундириш масаласи муҳокама қилингани, бироқ Молия вазирлиги бу ишни пайсалга солганини эслатди.

Айрим тадқиқотлар хорижлик мигрантлар Россия фуқароларидан кўпроқ пул топа бошлаганини кўрсатмоқда. “Мигрант Сервис” платформаси маълумотларига кўра, 2024 йилда мигрантларнинг ўртача даромади 150 минг рублга етган.

Аввалроқ 2024 йилда Россиядаги қирғизистонликлар сони қарийб икки бараварга (350 минг киши) қисқаргани ҳақида хабар қилинган. Бироқ ўтган йилнинг январь ойидан ноябрь ойигача улар Россиядан ватанларига 2 миллиард 565 миллион доллар пул жўнатишган. Йил якунларига кўра декабрь ойи учун бу суммага яна 200 миллион доллар қўшилиши мумкин.

Икки ҳафта муқаддам Ўзбекистон Марказий банки томонидан эълон қилинган шарҳда 2024 йилда мамлакатга келиб тушган пул ўтказмалари 14,8 миллиард долларни ташкил қилгани, бунинг 11,5 миллиард доллари (77 фоизи) Россиядан келиб тушгани ҳақида айтилган эди.