Россия мудофаа вазири ҳарбийлар кенгашида иштирок этиш учун Тошкентга келди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Шойгу 24 август куни ҳамкасблари билан бирга Тошкентдаги Ғалаба боғида жойлашган “Матонат мадҳияси” ёдгорлигига гул қўйиб, II Жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонларни ёд этган. “Шон-шараф” давлат музейида ҳам бўлган вазирлар маросимлардан кейин кенгаш манзилига йўл олганлар.

Кенгаш ишида Россия делегациясидан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Покистон ва Беларусь ҳарбий делегациялари иштирок этишмоқда.

Аввал ҳам афкор омма диққат марказида бўлиб келган Сергей Шойгу Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён дунёда хатти-ҳаракатлари ва баёнотлари энг кўп кузатиладиган фигуралардан бирига айланган.