Россия ўз армиясида хизмат қилган хорижликларга "осонлаштирилган тартибда" фуқаролик ваъда қилмоқда

Россия Давлат думаси 20 сентябрь куни иккинчи ва учинчи ўқишда хорижликларга Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш бўйича қонунчиликка ўзгартишлар қабул қилди. Унга мувофиқ, Россия армияси ёки бошқа ҳарбий бўлинмаларда хизмат қилиш бўйича камида бир йилга шартнома тузган бошқа мамлакатлар фуқаролари Россия паспортини олишлари мумкин бўлади. Ундан олдин эса яшаш учун рухсатнома олиш талаб этилмайди.

Авваллари паспорт олмоқчи бўлган хорижликлардан Россия армиясида камида уч йил хизмат қилиш этиларди.

Қонунга тузатишлар киритилгани эълон қилинганидан кейин Москва мэри Сергей Собяниннинг сайтида пойтахтдаги "Сахарово" миграция марказида "чет эллик фуқароларнинг ҳарбий хизматга киришини ташкиллаштириш учун Россия Мудофаа вазирлигининг кўмак инфратузилмаси" очилиши ҳақида маълумот пайдо бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўз фуқароларини бошқа мамлакатлар армияси сафига қўшилмаслик ва хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этмасликка чақириб, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиш эҳтимоли борлигидан огоҳлантирган эди. Бунга Россияда Украинадаги урушда иштирок этиш учун ўзбек батальони тузилаётганига оид хабар туртки бўлгани айтилган.