Россия президенти “Путин саройи”га оид суриштирув юзасидан илк бор изоҳ берди

Геленжик яқинидаги "Путин саройи"

Россия президенти Владимир Путин Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ) томонидан амалга оширилган Геленжик яқинидаги саройга оид суриштирув ҳақида илк бор изоҳлади. Талабалар билан ўтказилган онлайн учрашув чоғида Путин суриштирув тўғрисидаги саволга жавоб берди.

Бу каби маълумотни кўриб чиқишга шунчаки бўш вақтим бўлмагани учун мен бу фильмни кўрмадим. Аммо ёрдамчиларим олиб келган видеоподборкаларни варақлаб чиқдим. Сизнинг саволингизга ҳаялламай жавоб беришни истайман: у ерда менинг мулким деб кўрсатилганларнинг ҳеч бири менга ҳам, менинг яқин қариндошларимга ҳам қарашли эмас ва ҳеч қачон менга тегишли бўлмаган. Ҳеч қа-чон”, деган Путин. У Суриштирувнинг ўзини эса Путин “компиляция” (мустақил тадқиқотларсиз, бошқаларнинг суриштирувлари асосида йиғилган демоқчи – таҳр.) деб атаган.

Шу йил 19 январида Коррупцияга қарши кураш фонди Геленжик яқинидаги Владимир Путиннинг саройи деб аталган бинога оид суриштирувини ёйинлаганди. Суриштирув Химки суди КҚКФ асосчиси Алексей Навальнийни Германиядан Россияга қайтганидан кейин 30 суткага тергов ҳибсхонасига йўллаш ҳақида қарор чиқарганидан бир кун ўтиб эълон қилинган. Ёйинланганидан бери ўтган 6 кун ичида YouTube тармоғида 86 миллион мартадан кўпроқ кўрилган фильм Навальний қўлга олинишига қадар ҳозирланган. Қарийб 2 соат давом этадиган ҳужжатли фильмда Навальнийнинг ўзи ҳам иштирок этган.

“Путин саройи” деб аталаётган бино 2005–2010 йиллар мобайнида Қора денгиз бўйича қурилган. Унинг Россия президенти учун қурилгани ҳақида 2010 йилда тадбиркор Сергей Колесников билдирган.

КҚКФ сарой қурилишини 100 миллиард рублга (тақрибан 1,35 миллиард АҚШ доллари) баҳолаган ва бино интерьерини намойиш қилган. Суриштирувда иддао қилинишича, “саройни безашда иштирок этган муҳим пудратчилардан бири” фондга мазкур объектнинг меъморий тархини тақдим этган. Саройда жами ўнлаб хона бўлиб, улар орасида “хизматчилар, яъни шифокорлар, бошқарувчилар, ошпазлар, официантлар учун кийиниш хоналари, гўшт-балиқ цехи, сабзавот цехи, новвойхона, тухумларга ишлов бериш цехи” кабилар бор.

КҚКФ хулосасига кўра, гарчи бошқалар номига расмийлаштирилган бўлса-да, Путин мазкур кўчмас мулкнинг асл соҳиби бўлиб ҳисобланади, сарой ва унинг инфратузилмаси эса коррупцион схемалар ҳисобидан қурилган.

Мухолифатчи Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган.

23 январь куни Россия бўйлаб Навальний ҳимояси учун ўтказилган норозилик акцияларида 100 мингдан зиёд одам қатнашган. Навальний штаблари вакиллари намойишларда 250 минг киши иштирок этганини иддао қилмоқда. Акциялар чоғида 3,5 чоғли одам тутиб кетилган – бу эса Россиянинг энг янги тарихи учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.