Владимир Путин Россия президенти сифатида янги олти йиллик муддатга киришиши олдидан қасамёд қилди. У “халққа хизмат қилиш”га, улар ҳаётини яхшилашга, ўзи “улкан ғалаба ва жасоратлар” мамлакати деб атаган юртини ҳимоя қилишга ваъда берди.
Путин 7 май куни Кремлнинг ҳашаматли залида туш пайти ўнг қўлини Россия Конституциясига қўйиб, қасамёд қилди.
64 яшар Путин 1999 йилдан бери президент ёки бош вазир бўлиб ишлаб келаётган ва яқинда олти йиллик учинчи президентлик муддатини ўтаб бўлган эди.
У қасамёд қабул қилгандан сўнгги маърузасида Россия иқтисодиётини мустаҳкамлайдиган ва яшаш шароитларини яхшилайдиган “улкан олға силжиш”га эришиш даъвати билан чиқди.
“Мен давлат раҳбари сифатида Россиянинг қудрати, тараққиёти ва шон-шуҳратини ошириш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан”, деди у.
− Россия замонавий бўлиши ва жадал ривожланиши керак. У замон муаммоларига дадил жавоб қайтириши зарур. Шу пайтгача кучли бўлиб келган соҳаларимизда етакчилигимизни мустаҳкамлаб боришимиз, кучли бўлишимиз шарт бўлган, аммо етарли иш қилмаган соҳаларимизда ишонч ила тер тўкиб, иродамиз кучи билан ишлашимиз даркор, − дея фикрни давом эттирди Путин.
У маърузасини тугатгандан сўнг минбардан тушиб, тадбирга йиғилган кишилар, жумладан, бош вазир Дмитрий Медведев, Россия Православ черкови раҳбари, патриах Кирилл ва Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдер билан кўришди.
Сўнгра фахрий қоровул парадини қабул қилиб, Кремль майдонида саф тортган ёшлар билан суҳбатлашди ва бирга суратга тушди.
Путин 18 март куни бўлиб ўтган сайловда мутлақ кўпчилик овоз олиб, ғолиб чиқди. Ўзи сайлов натижасини халқнинг ишончи намойиши деб атади:
− Россиялик ватандошларим, мени сайловда Россия президенти сифатида самимий қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Мен буни ҳаддан зиёд сиёсий сармоя ва улкан маънавий кўмак деб биламан. Ушбу кўмак менга бундан буён ҳам Россия қудратини ошириб боради ва одамларнинг турмуш даражаси яхшиланади, деган ишонч беради. Ушбу кўмак халқаро майдондаги мавқеларимизни ушлаб қолишимиз ҳамда мамлакатнинг ўзида теран ва ижобий ўзгаришларга эришишимиз йўлида қатъий ҳаракатлар қилишимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Аммо танқидчилар сайлов чоғида қаллобликлар юз берганини, чет эллик кузатувчилар эса халқнинг танлаш имкони бўлмаганини айтмоқда.
Путиннинг давлат раҳбарлигига киришиш маросими – инаугурация норозилик намойишларига чиққан 1600 киши, жумладан, мухолифат етакчиси Алексей Навальний ҳибсга олинганидан сўнг орадан икки ўтиб уюштирилди. Намойишчилар Россиянинг ўнлаб шаҳарларида Путиннинг узоқ вақт ҳокимият тепасида қолаётгани ва яна олти йилга сайланганидан хавотир билдирди.
Айни маросим 2012 йилгисидан камтарроқ бўлиб ўтди, шаҳар бўйлаб, президент кортежи юриши уюштирилмади. Бу сафар давлат телевидениеси Путинни қора костюмда иш хонасидан жойлашган бинодан чиқиб келгани ва лимузинга ўтириб, яқин атрофда бўлиб ўтадиган маросимга бориш учун улкан Кремль саройига келганини кўрсатди.
Путин янги президентлик муддати учун мамлакатда амалга ошириладиган ишлар, хусусан, Россиядаги қашшоқлик даражасини камайтириш, инфратузилмани, соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини яхшилаш, ўртача умр кўриш даражасини ошириш, иқтисодиётни ўзгартириш ва яшаш шароитини кўтариш учун технологик ривожланишга эришиш лозимлигини таъкидлади.
У 18 март куни бўлиб ўтган сайловдан бир неча ҳафта олдин мамлакатдаги аҳвол ҳақидаги парламентга қилган мурожатномасида, “Технологияда орқада қолиш энг йирик таҳдид ва асосий душманимиз”, деб айтган эди.
Путин ушбу иддаоли режасини бажаришга қодир ёки қодир эмаслигини вақт кўрсатади. Bloomberg компанияси таҳлилчилари фикрича, Путиннинг 2012 йили учинчи президентлик муддатига киришиши арафасида берган кўрлаб ваъдалари бажарилмай қолиб кетганини айтмоқда.
Россия ҳали-ҳамон Украинадаги можарога ва АҚШ сиёсатига аралашгани гумони ортидан санкцияларга дучор бўлиб, улар таъсирига қарши курашиб келмоқда. Аммо кейинги ойларда жаҳон бозорида нефть баҳоси кўтарилиб қолгани унинг иқтисодиёти бир оз ўзини ўнглаб олишига эш бўлди.
Путин фақат 2008-2012 йилларда бош вазир бўлганини ҳисобга олмаса, Совет диктатори Иосиф Сталиндан кейин энг узоқ вақт, яъни 1999 йилдан бери мамлакатни бошқариб келмоқда.
18 мартда бўлиб ўтган сайловдан бери россияликларнинг Путинга бўлган ишончи пасайди, деб ҳисоблайди давлатга қарашли жамоатчилик фикрини ўрганувчи ВЦИОМ тишкилоти.
Уни 21 январь куни уюштирилган сўров чоғи 58,9 фоиз сўралувчи қўллаб-қувватлаган бўлса, 22 апрелда ўтказилган сўров натижалари фақат 47,1 фоиз сўралувчи қўллаб-қувватлаганини кўрсатди.