Россияда мустақил ОАВлар сиёсий маҳбуслар учун 34 миллион рублдан кўпроқ маблағ тўплади

Марафон “Сен ёлғиз эмассан” шиори остида соат 9 да бошланиб соат 22 гача давом этди.

Россия куни сифатида нишонланадиган 12 июнь куни мустақил оммавий ахборот воситалари сиёсий маҳбусларни қўллаш мақсадида онлайн марафон ўтказди. Марафон “Сен ёлғиз эмассан” шиори остида соат 9 да бошланиб соат 22 гача давом этди. 13 соат ичида 34 миллион 447 минг 623 рубль тўпланди. Мазкур маблағ сиёсий маҳбусларга, уларнинг оилаларига ва адвокатларига адресли ёрдам қаторида берилади.

Марафонда "Медуза", "Медиазона", "Дождь", "Навальний LIVE", "Популярная политика", "Служба поддержки", "Холод" каби нашрлар, Максим Кац, Дмитрий Колезев, Александр Плюшчев, "Новая газета" ва "Ходорковский Live" каналлари иштирок этди.

Марафоннинг биринчи тўрт соатида сиёсий маҳбуслар учун Россия карталаридан ҳам пул ўтказиш имконияти бўлди. Аммо RT давлат телеканали мухбири Константин Придибайло DonatePay пул ўтказиш ширкати хўжайинига шикоят қилганидан сўнг Россия карталари тўсиб қўйилди.

"Мемориал" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг билдиришича, айни пайтда Россияда 553 нафар сиёсий маҳбус бор. Улардан 409 нафари диний мотивлар билан (Иегова гувоҳлари, "Хизб-ут Тахрир" ва бошқалар) айбланган. 144 маҳбус эса сиёсий позицияси учун қамалган. Бундан ташқари яна 565 киши озодликда таъқиб қилинмоқда.