Россия ТИВ АҚШ билан маҳбус алмашиш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирди

Россия ТИВ вакиласи Мария Захарова

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи Мария Захарова RTVI телеканалига берган суҳбатида Москва ва Вашингтон ўртасида маҳбус алмашиш имкониятига оид масала устида иш бошланганини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байден билан учрашувдан кейин 16 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат АҚШда қамалган россияликлар ҳамда Россияда қамоқ жазосини ўтаётган америкаликлар бўйича муайян муроса йўлини топиши мумкинлигини билдирганди.

Мария Захарова RTVI телеканалига берган интервьюсида маҳбус алмашиш эҳтимолига оид масаланинг кўриб чиқилиши оммавий майдонда муҳокама қилинмаслиги кераклигини қайд этган.

“Биз очиқликни ташвиқ қилувчи муассасамиз, бироқ жимлик сақланиши лозим бўлган пайтлар ҳам бор”, дея таъкидлаган Россия ТИВ вакиласи.