Россия Давлат думаси раиси Ғарб давлатларига “қирон келтириш” билан таҳдид қилди

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин.

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин якшанба куни телеграм канали орқали Ғарб давлатларига «глобал ҳалокат» ва «қирон келтириш» билан таҳдид қилди. Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, телеграмдаги таҳдид контекстида Россия томонидан оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли назарда тутилади. Мазкур таҳдид Украинага ғарбда ишлаб чиқарилган қуролларни етказиб бериш кучайгани ортидан айтилди.

Сўнгги бир неча кун ичида Володин Дмитрий Медведев ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антоновдан сўнг АҚШ ва Европага очиқдан-очиқ ядро қуроли билан таҳдид қилган учинчи юқори даражали амалдор бўлди.

«Агар Вашингтон ва НАТО давлатлари тинч шаҳарларга зарба бериш ҳамда улар таҳдид қилганидай, бизнинг ҳудудларимизни босиб олишга ҳаракат қилиш учун ишлатиладиган қуролларни етказиб берса – бу янада кучлироқ қурол қўллаб амалга ошириладиган жавоб чораларига сабаб бўлади… Вашингтон ва Брюссель ўз қарорлари билан жаҳонни даҳшатли уруш, бугунгидан ўзгача бўладиган жанговар ҳаракатлар домига тортмоқда”, - деб ёзди Володин.

Телеграмдаги пости давомида Володин “Россия қуролининг технологик жиҳатдан устунлиги”ни тилга олади ва : ”Ядровий қуролга эга давлатлар локал урушларда оммавий қирғин қуролини қўлламагани тўғрисидаги далиллар асоссиздир. Чунки бу давлатлар ўз фуқаролари ва ҳудудий яҳлитлиги хавфсизлигига таҳдид билан юзма юз келмаган”,- деб ёзган.

Россия раҳбарияти, жумладан, президент Владимир Путин бундан аввал ҳам бир неча марта Ғарбга нисбатан оммавий қурол ишлатиш эҳтимоли билан таҳдид қилган эди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Москвани ядровий қурол қўлланиши Россия учун оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.