Россия ЕОИИ аъзоларини учинчи мамлакатларга ғалла экспортини чеклашга ундамоқда. Қозоғистон бунга қарши

Қозоғистондаги ғалла ўрими

Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) 20 майдаги йиғилишида Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) барча аъзоларини учинчи мамлакатларга ғалла экспорт қилишга квота ва божлар жорий этишга ундади. Қозоғистон бунга қарши чиқмоқда, дея хабар қилди “Коммерсант” нашри.

Россияда 2022 йили рекорд миқдорда ғалла ҳосили кутилаётганига қарамай, мамлакат дон экспортини ҳатто ЕОИИ даражасида қаттиқ назорат қилишга уринмоқда. Нашр маълумотига кўра, Россия реэкспортдан хавфсираб, иттифоқчилар учинчи мамлакатга ғалла чиқаришга квота ва божлар киритишини хоҳлаяпти, қолаверса, ўзи ҳам ҳозирча 30 июнгача жорий этилган ЕОИИ мамлакатларига дон экспорт қилишга чеклов муддатини узайтириши мумкин.

Газета баҳорда Қозоғистон Сибирда ғалла харид қилишни фаоллаштириши манзарасида Россия ЕОИИ мамлакатларига ғалла чиқаришни 30 июнгача тақиқлагани ва бу билан Қозоғистонни норози қилгани ҳақида ёзган. Қозоғистон Россиянинг хатти-ҳаракатини “камситиш” деб баҳолаган ҳамда бунга жавобан буғдой ва ун экспортига квота белгилаган.

“Коммерсант” манбасига кўра, ЕИК мажлисида Россия қабул қилинган чора-тадбирлар етарли эмаслиги, чунки Қозоғистон арпа ва жўхори экспортига квота киритмаганини ҳамда донни мамлакатдан чиқаришда бож олмаётганини урғулаган. Натижада икки мамлакатдаги ички нархлар ўртасида сезиларли тафовут вужудга келган.

ЕОИИ аъзолари 2021 йил августидаёқ буғдой, арпа, жўхори, кунгабоқар ва бошқа қатор маҳсулотлар экспортини чеклашда ягона ёндашувга ўтишни режалаштиришган, бироқ ғоя амалга ошмай қолган эди.

Бугунги кунда фақат Беларусь четга буғдой чиқаришни бутунлай тақиқлаган. Арманистон ва Қирғизистон бож ва квоталар бўйича қарорлар тайёрламоқда. Қозоғистон эса бож жорий этишга қарши, чунки бу маҳаллий ғалла етиштирувчиларга халқаро мажбуриятларини бажаришда халал бериши мумкин.

Нашр манбаси Қозоғистон талаб қилинган чораларни кўришдан бош тортган тақдирда Россия ЕОИИ мамлакатларига ғалла чиқаришга нисбатан вақтинчалик тақиқни узайтиради, деган фикрда.

Украинада уруш бошлагани ортидан Ғарб санкцияларига учраган Россия айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ғалла ва шакар экспортини чеклаб қўйган. Бунинг қабатида Қозоғистонда озиқ-овқат нархлари сезиларли даражада ошган.