Россияда 9 май куни "Ўлмас полк" юриши бўлмайди

“Ўлмас полк” маршидан лавҳа, Москва, 2018 йил

Россия 9 май - Ғалаба кунини қаторасига иккинчи йил “Ўлмас полк” маршисиз нишонлайди. Ташкилотчилар буни коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари билан изоҳлашмоқда.

Мамлакатда кўплаб чекловлар аллақачон бекор қилинган бўлса-да, аксари минтақалар, жумладан Москвада ҳам митинг, юриш каби оммавий кўча тадбирлари тақиқланган.

“Россия Ўлмас полки” ҳаракати марказий штаби раисдоши Елена Цунаевага кўра, 9 май куни акция онлайн шаклда ўтказилади. Айни пайтда Цунаева, агар пандемия билан боғлиқ вазият яхшиланса, масъул идоралар 24 июнь куни “Ўлмас полк” юришини кўчада, рисоладагидек ўтказишга рухсат беришидан умидворлигини билдирди.

Ўтган йили 9 май куни Москвада на “Ўлмас полк” марши, на анъанавий парад ўтказилган. Карантин чекловлари юмшатилганидан кейин - 24 июнда Ғалаба паради ўтказилган, аммо “Ўлмас полк” юриши барибир бўлмаган. Аниқроғи, онлайн тартибда ўтказилган. Яъни иштирокчилар фронтчи қариндошларининг фотосуратларини махсус сайтда эълон қилишган.

“Ўлмас полк” 2000-йилларда фуқаролар ташаббуси билан вужудга келган. Йиллар ўтиб, акция давлат ташкилотчилигида ўтказиладиган бўлди, унда бир неча марта Путин ҳам иштирок этган.

9 май парадига ҳозирлик одатдаги тартибда давом этмоқда, унинг бекор қилиниш эҳтимоли тўғрисида ҳеч қанақа маълумот йўқ.