Россиянинг Днепропетровскка ҳужуми оқибатида саккиз киши нобуд бўлди

Днепр шаҳридаги Россия ракетасига нишон бўлган кўп қаватли тураржой, 2024 йил 19 апрели

Россиянинг Днепропетровск вилоятига йирик ракета ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 25 киши жароҳатланди, қатор инфратузилма объектларига шикаст етди. Бу ҳақида вилоят расмийлари маълумот тарқатишди.

Украина президенти Владимир Зеленский мазкур ҳужум оқибатида тураржой биноси ва вилоят маркази Днепрдаги темир йўл вокзалининг бир неча қавати зарар кўрганини билдирди. У иттифоқчиларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборишга чақирди.

“Россия террори учун жавоб бериши керак. Ҳар бир ракета, ҳар бир шаҳид дронларини уриб тушириш керак. Дунё ҳамжамияти буни кафолатлай олади, ҳамкорларимиз зарур имкониятларга эга”, деган президент Зеленский.

19 апрель тонгида Россия Украинанинг Кривой Рог шаҳрига ҳам ракета зарбаларини берган. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида уч киши жароҳатланган, инфратузилмага зарар етган.