Остонада ижтимоий тармоқларда Fasoollka тахаллуси билан танилган россиялик блогер Ксения Гузаева маъмурий жавобгарликка тортилиб, Қозоғистондан чиқариб юборилди. Унга, шунингдек, беш йил давомида мамлакатга кириш тақиқланди.
12 август куни Остона полиция департаменти хабар беришича, полиция ходимлари ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш чоғида Гузаеванинг тўғридан-тўғри эфирларини аниқлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари баҳосига кўра, у эфирларда провокацион ва одоб-ахлоқ меъёрларига зид фикрлар билдирган.
«Хориж фуқароси суд қарори билан жарима шаклида маъмурий жавобгарликка тортилди. Унинг қонунда белгиланган тартибда мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши бўйича чоралар кўрилди. Қонунчиликка мувофиқ, унга Қозоғистонга беш йил муддатга кириш чекланади», — дея хабар берди пойтахт полиция департаменти матбуот хизмати.
Блогернинг Қозоғистон ва унинг аҳолиси ҳақидаги гаплари танқидларга сабаб бўлган. Хусусан, Гузаева, унинг фикрича, шаҳар марказида одамлар «вигвамларда яшаши, от миниб юриши керак», деган. Бошқа бир эфирда эса у «Алмати қишлоғида биттадан кўп Starbucks борми?» деб сўраган, шунингдек, рус тилини билмайдиган қозоғистонликларни «бадбўй» деб атаган.
Кейинроқ Гузаева ўз сўзлари учун узр сўраб, ноўрин ҳазил қилганини айтган.
Полиция блогерни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор суд томонидан қабул қилинганини маълум қилди. Идора Қозоғистон хорижий фуқаролар ва мамлакат меҳмонлари учун очиқ эканини, бироқ уларнинг мамлакатда бўлиши қонунчиликка риоя қилиш ҳамда давлат ва унинг фуқароларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни тақозо этишини таъкидлади.
«Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси ҳудудида бўлиш қонунчиликка қатъий риоя қилишни, шунингдек, мамлакат, унинг фуқаролари ва умумэътироф этилган хулқ-атвор меъёрларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни назарда тутади», — дея баёнот берди Остона полиция департаменти.
13 август куни пойтахт полицияси Гузаеванинг Қозоғистондан чиқиб кетаётгани акс этган видеони эълон қилди.
«Аввалроқ суд уни ижтимоий тармоқлардаги провокацион ва номуносиб баёнотлари учун маъмурий жавобгарликка тортган эди. Унинг Қозоғистонга кириши беш йил муддатга чекланган», — деб хабар қилди полиция.
Fasoollka’нинг Instagram саҳифасидаги сўнгги пост 9 июнь санаси билан жойланган. Блогер унда, тахминларга кўра, Алматида олинган бир қатор суратларни эълон қилган.
Аввалроқ, 28 июль куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда қонунга хилоф контент тарқатаётган муаллифларнинг исмларини очиқ эълон қилиш ва профилактика мақсадида уларни жамоатчиликка кўрсатиш ниятида эканини билдирган эди. Вазирлик айрим блогерлар «лайклар, кўришлар ва донатлар учун атайлаб рухсат этилган чегарадан чиқиб кетаётганини» таъкидлаган.
ИИВ маълумотларига кўра, қоидабузарлар тўғридан-тўғри эфирлар, жумладан TikTok орқали эфирлар вақтида ҳақоратли сўзлар ишлатади, одобсиз хатти-ҳаракатлар намойиш этади, хавфли пранклар уюштиради ва одамларни ҳақорат қилади.