Россиянинг БМТдаги дипломати Украинадаги урушга норозилик сифатида истеъфо берганини билдирди

БМТнинг Женева офисидаги Россия доимий ваколатхонаси ходими Борис Бондарёв 23 май куни Украина билан уруш важидан ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанини кутилмаганда маълум қилди.

У ўз баёнотида узоқ йиллик дипломатик хизмати мобайнида ўз мамлакати ва ўз касбини деб ҳеч қачон бу қадар изза бўлмаганини таъкидлади.

“Путин Украинага, амалда – бутун Ғарб дунёсига қарши бошлаб юборган босқинчилик уруши – бу нафақат украин халқига нисбатан жиноят, балки Россия халқига қарши содир этилган энг оғир жиноятдир”, деб ёзди у LinkedIn ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида.

БМТнинг Женевадаги бўлими сайтида қайд этилишича, Бондарёв доимий ваколатхонада маслаҳатчи лавозимида бўлган. Унинг ўзи 20 йил дипломатик хизматда бўлганини эслатади.

“Афсуски, шу йигирма йил давомида ташқи ишлар вазирлигимиз фаолиятида ёлғон ва нопрофессионаллик тобора ортиб борди. Россиянинг иттифоқчилари қолмади”, деди дипломат.

Бондарёв Россиянинг уруш туфайли расман истеъфога чиққан дипломатик хизматдаги биринчи мулозими бўлди. Россия ТИВ ушбу воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ.