Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси” медиаширкати президенти Жейми Флайни қабул қилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз шўъбаси Қирғизистон раҳбарининг матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Хабарномага кўра, суҳбат мавзуларидан бири сўз эркинлиги бўлган. Жапаров Қирғизистон сўз эркинлиги ва демократия тамойилларини ҳурмат қилувчи озод мамлакат эканини айтган. Шунингдек, мамлакат раҳбарияти оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорликка доимо тайёрлигини билдириб, айни пайтда ОАВлар ҳам холис ишлаши ва дунёда тан олинган ҳақиқий журналистика тамойилларидан оғишмаслиги зарурлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида Жейми Флай Қирғизистонда оммавий ахборот воситалари, жумладан “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси” профессионал фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароит мавжудлигини урғулаган.
Аввалроқ Жейми Флай Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев билан учрашганди. Вазир “Озодлик” радиоси анъанавий равишда Қирғизистон ахборот майдонида муҳим ўрин тутишини ва кўп йиллардан бери мамлакатда юз бераётган воқеалар ҳақидаги янгиликларнинг ишончли манбаи бўлиб келаётганини айтган.
Унинг айтишича, “Озодлик” фаолиятига нисбатан турли фикрлар мавжудлигига қарамай, радио эркин ОАВ асосий тамойилларига мувофиқ равишда ишлашда давом этиб келмоқда.
Жейми Флай эса ривожланишнинг демократик йўлини танлаган Қирғизистон мамлакатда журналистларга ўз касбий фаолиятини эркин ва тўсиқларсиз олиб бориши учун шароит яратиб бериш билан минтақада алоҳида эътибор қозонганини таъкидлаган.