Саудия Арабистонида 28 март куни ичида Умра зиёратчилари бўлган автобус автоҳалокатга учраган. Habеr Global хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси мамлакат жануби-ғарбидаги Асир вилоятида юз берган.
Аварияга Маккага зиёратчиларни олиб кетаётган автобуснинг тормози ишламай қолгани сабаб бўлган. Қайд этилишича, носоз автобус йўлда енгил автомобиль билан тўқнашганидан кейин ёниб кетган.
Ҳодиса оқибатида камида 20 киши ўлган, 30 чоғли киши жароҳатланган. Зиёратчиларнинг яманликлар экани ҳақида маълумотлар бўлса-да, бу ҳали тасдиқланганича йўқ.
Рамазон ойи зиёратчилар Умра учун Макка ва Мадинага энг кўп борадиган вақт бўлиб ҳисобланади. Коронавирус пандемиясидан аввалги йилларда Рамазон ойида Маккаи Мукаррама бир вақтнинг ўзида бир неча миллион зиёратчига мезбонлик қилгани кузатилган.