Владивостокда Шимолий Корея дипломатининг хотини ва ўғли бедарак кетди

Россия – Шимолий Корея чегараси.

Россия Тергов қўмитаси Владивостокдаги Шимолий Корея бош консуллиги вакилининг хотини ва ўғли бедарак кетгани ортидан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Озодлик радиосининг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси хабар берди.

Владивостокдаги Шимолий Корея бош консуллиги вакили Цой Ен Намнинг хотини 43 ёшли Ким Кум Сун ва ўғли 15 ёшли Пак Квон Чжу консуллик биносида яшаб келган. Улар 4 июнь куни консулликни тарк этган. Ўшандан бери уларнинг қаерда экани номаълум.

Хотини ва боласи йўқолгани тўғрисида полицияга дипломатнинг ўзи маълум қилган. Полиция улар Хитойга ёки Жанубий Кореяга қочиб ўтган бўлишини эҳтимолдан соқит қилмаяпти.

Baza телеграм каналининг полиция маълумотларига таянган ҳолда хабар беришича, дипломатнинг хотини ва ўғли консулхонадан чиққач таксига ўтирган ва Хабаровскка кетган. Полиция таксичини топишга муфааффақ бўлган. Кузатув камераларидан олинган видеолар унинг сўзларини тасдиқлаган.
Amur Mash нашрининг ёзишича, дипломатнинг хотини ва ўғли Хабаровскдан самолётда Красноярскка учиб кетган.

Шимолий Корея фуқаролари Жанубий Кореяга қочиб кетиш учун кўпинча Россия чегарасидан фойдаланади. Чунки Россия – Шимолий Корея чегараси Жанубий Корея чегарасидан кўра заифроқ қўриқланади.