Иккинчи бор 4 йилга қамалган "Шуҳрат Домбрабадский"зонада “раскрутка” қилинди

Шуҳратилла Носиров

Умрининг 23 йилини қамоқда ўтказган ва озод қилинганидан кейин яна Озодликдан маҳрум қилинган 62 яшар Шуҳратилла Носиров зонага этап қилиниши биланоқ "муассаса тартибини бузди" дея огоҳлантириш олди.

Бу ҳақда у 5 февраль куни ўзининг адвокати Умид Давлетовга шикоят қилган.

Носировнинг қариндоши Шаҳноза Носированинг Озодликка айтишича¸ маҳкум жорий йилнинг 23 январь куни Тоштурмадан (Биринчи тергов ҳибсхонаси) дан Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 12 сонли жазони ўташ муассасасига олиб борилган:

-Зонага бориши билан нарушения қўйишди. 23 январда опкетилди зонага. 24 январь куни уже айб қўйишди. Сумкасида соқол оладиган устара бор деб нарушения ëзишди. Буни отини раскрутка дейилади. Маҳкум манзил колонияга чиқарилмасин¸ амнистияга тушмасин афв қилинмасин деб атайлабдан қилишади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Шаҳноза Носирова билан суҳбат


Махкум Носиров ўз адвокати билан суҳбатда¸ зонадаги тартибни бузмагани ва “қоидани бузди деган огоҳлантириш” ўринсиз эканлигини айтган.

Адвокат бу юзасидан Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ 12 сонли ЖИЭКБ (Жазони ижро этиш колонияси) бошлиғига сўровнома жўнатган аммо жавоб ола олмаган (сўровнома нусхаси Озодликда бор).

Носировнинг қариндоши Шаҳноза Носирова иддаосига кўра 12 сонли ЖИЭКБ ходими “нарушенияни ëзмаслик учун пора сўраган”

- Адамиз Шуҳратилла Носиров колонкага (манзил колония) чиқиши керак эди. Шуни чиқармаслик учун атайлаб сумкасига соқол оладиган бритва ташлаб нарушения ëзиб раскруткага тайëрлашяпти. Биздан очиқча пора сўрашди. Нарушенияни бекор қилиш учун¸ дея иддао қилди Шахноза Носирова.

Озодлик 8 февраль куни ўзини Раҳматов деб таништирган 12 сонли ЖИЭК (Жазони ижро этиш колонияси) вакили билан гаплашиб “таъмагирлик” ҳақидаги Носирова иддаоси юзасидан изоҳ сўради.

Раҳматов маҳкум Носировнинг адвокатидан 5 февраль куни сўровнома олганлигини тасдиқлаш билан кифояланди.

ИИВ ЖИЭББ (Жазони ижро этиш Бош бошқармаси) билан боғланишни иложи бўлмади.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарë вилоят судининг 2019 йил 24 декабрь куни чиқарилиб¸ жорий йилнинг 20 январидан кучга кирган ажримига биноан 62 яшар Шуҳратилла Носиров 4 йил қамоқда жазо ўташи лозим.

Носиров айни суднинг 2019 йил 13 сентябридаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 145-моддасининг 1-қисми ("Виждон эркинлигини бузиш"), 165-моддаси 3-қисмининг “а” банди ("Товламачилик"), 227-моддаси 2-қисмининг "а" банди ("Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш") да айбдор деб топилган эди.

(Суд ҳукми нусхаси Озодликда бор)

Колонияда уни кўриб келган адвокатнинг Озодликка 8 февраль куни айтишича Носиров бу айбларни тан олмайди ва адолат қарор топиб масала президент назоратига олинишидан умид қилмоқда.

Нимада айбланди?

Шуҳратилла Носиров “масжиднинг диний фаолиятига тўсқинлик қилганликда” айбланди.

Носиров ҳибсга олинишидан уч ҳафта ўтиб¸ 2018 йил 1 июлида "Ўзбекистон-24" телеканали у ҳақида "Манманликнинг охирги бекати" номли ҳужжатли фильмни намойиш қилган эди.

YouTube тармоғига жойлаштирилган фильмда Шуҳратилла Носиров ва унинг акаси ўта оғир жиноятчи сифатида тасвирланади.

Тергов материаллари асосида тайёрланган мазкур фильмда даъво қилинишича, ака-ука Носировлар Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги "Носирхон" жоме масжидини "муқаддам ўз ҳисобларидан қурдирганликларини айтиб, уни ўзларининг шахсий мулкига айлантиришга уринган".

Тошкентликлар орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратилла Носиров 90-йилларда "ўғирланган машиналарни топиб берадиган" авторитет сифатида кўрилган.

У 1993 йили Тошкент шаҳар суди тарафидан уюшган жиноятчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва икки "раскрутка" билан жами 23,5 йил қамоқда ўтирган.

Дастлабки ҳукмда таъкидланишича, Шуҳратилла Носиров "автомобиль воситаларини олиб қочиш, бошқалар мулкини тортиб олиш, тамагирлик, ўғрилик, мол-мулкка қасддан зиён етказиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва қурилиш молларини ноқонуний ўзлаштириш"да айбдор деб топилган.

Носиров 2016 йил 18 августда Жазони ижро этиш бош бошқармаси қарори билан, муддати тугагани боис қамоқдан озод қилинган эди.

Озодлик гаплашган яқинлари, қамоқдан чиққандан кейин Шуҳрат Носировнинг "ҳеч кимга қўшилмай, осуда" ҳаёт кечириб келганини билдирган эди.