Швейцариядаги референдумда сайловчилар бурқага қарши овоз беришди

Швейцария кўчаларидан бирига осилган баннер

Швейцариялик сайловчиларнинг кўпи 7 март куни бўлиб ўтган референдумда юзни ёпадиган бурқа кийиб юришни тақиқлашни ёқлаб чиқишди.

SFR телерадиокорпорацияси ва Tagesanzeiger нашрининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, мамлакат аҳолисининг 51 фоиздан кўпроғи ўзлари яшаган шаҳар кўчаларида юзлари ёпиқ аёлларни кўришни истамайди.

Мазкур тақиқ учун Швейцария конфедерациясидаги 26 кантондан кўпчилиги овоз берган. Эндиликда бу мамлакатда муслималар оммавий диний байрамлардагина бурқа кийиб юра оладилар.

Бурқани тақиқлаш ташаббуси Швейцария миллий-консерватив халқ партияси ўнг қаноти депутатларидан чиққан.

Референдум натижалари тасдиқланганидан кейин жамоат жойларида кийиб юриш мумкин бўлган кийим-бош турларига оид кўрсатма Швейцария Конфедерацияси конституциясида пайдо бўлади.

2018 йилдаги маълумотларга кўра, Швейцарияда 450 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади, бу мамлакат аҳолисининг 5,3 фоизига тенгдир.