Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда танилган блогер, Ютубдаги “Sirojiddin media” канали муаллифи Сирожиддин Одилов қамоққа олинди. У фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда.
Расмий маълумотга кўра, блогерга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда нопок амалдорлар, судлар ва ички ишлар ходимларини доим танқид қилиб келган Сирожиддин Одилов сўнгги пайтда блогер ва журналистларга нисбатан кучаяётган таҳдид ва босимларнинг яна бир қурбонига айлангани айтилмоқда.
Ютуб каналида қарийб бир миллион нафар обуначиси бўлган таниқли блогер Сирожиддин Одилов 11 март куни Самарқанд вилоят ИИБга чақиртирилган ва ўша ерда қамоққа олинган.
Самарқанд вилоят ИИБсининг 11 март куни расмий Телеграм каналида тарқатган хабарида блогернинг қамоққа олиниш сабаби ҳақида бундай деб ёзилган:
“Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро Р.Х туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2024-йилнинг август ойларида Тошкент шаҳрида яшовчи С.А. га, бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масаласини ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилган вақтида, С.А. ваколатли шахс бўлмасада, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулларни олганлиги ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келганлиги боис, қонуний чора кўришни сўраган”.
Хабарда айтилишича, бу ҳолат юзасидан фуқаро Сирожиддин Одиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, Сирожиддин Одиловни қамоққа олиш жараёни процессуал хатоликлар билан бошланган.
Ташановга кўра Сирожиддин Одиловга эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича маҳкамага Тошкентдан борган икки нафар адвокат ордери бўла туриб қўйилмаган, аксинча, фақат давлат адвокати иштирок этган.
Сирожиддин Одиловни яқиндан билган, таниган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу айблов унга нисбатан уюштирилганини, бу Ўзбекистондаги экрин сўз, эркин фикрга қарши бўлаётган навбатдаги ишлардан бири эканлигини айтмоқдалар.
Маликахон Рахимова(Фейсбук)
"Яхши блогер эди, халқпарвар кўп қийналган инсонларга ёрдам берган эди доим. Машинасини ичида жонли видео қиларди. Офисим машинам деб .. Аллох мушкилларини осон қилсин…"
Zulfiya Muhamedjonova(Фейсбук)
"Ҳеч қачон адолат, сўз эркинлиги бўлмайди Ўзбекистонда, бечора блогерлар қанчадан қанчасини туҳмат билан қамаб ташашяпти. Нимаям дердим Аллох мушкулларини осон қилсин".
Zinedin Zidane(Фейсбук)
"Сирожиддин халқпарвар инсон эди. Айби борлигига ҳеч ким ишонмайди, фақат троллар заказ бўйича айблашяпти. Ўзбекистон элитаси учун жуда катта иснод бу. Нагло инсон хуқуқларига тупуриб қўйишди. Ана сенга учунчи ренессанс, мана сенга янги Ўзбекистон!"
Сирожиддин Одилов Фарғона вилояти Фурқат тумани 29-мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланиши масаласини бошидан охиригача ўзининг Ютубдаги каналида ёритган ва туман ИИБ собиқ бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
ИИБдаги қийноқлар, аҳолининг ижтимоий муаммолари, депутатларнинг ўз вазифалари адо этмаётганлиги, газ ва электр энергияси тақчиллиги, баланд нарх-наволар Сирожиддин Одилов доим ёритиб келган муаммолар сирасига киради.
Сирожиддин Одиловга нисбатан қўйилган айбловлар ҳозирча тергов босқичида ва унинг айбдор ёки айбсиз эканига фақат суд нуқта қўяди.
Бироқ бу воқеа Ўзбекистонда блогерлар фаолияти, сўз эркинлиги ва жамоатчилик назорати масалалари яна бир бор баҳс марказига чиқишига сабаб бўлди.
Чунки охирги йилларда давлат идоралари фаолиятини танқид қилган блогерлар атрофидаги можаролар кўпайиб бормоқда.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Сирожиддин Одилов иши фақат бир блогер тақдири эмас, балки Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятининг ҳолати қандай эканига ҳам жамоатчилик назарини қаратаётган иш сифатида баҳоланмоқда.
«Сирожиддин Медиа» номи билан танилган Сирожиддин Одиловнинг YouTube’даги саҳифасида қарийб 1 млн, Facebookда 50 мингга яқин, Instagramда 30 мингдан зиёд обуначиси бор.