Сирожиддин Адилов 4 йилга манзил-колонияга ҳукм қилинди. Уч эпизод бўйича оқланди

Ўзбекистонда «Sirojiddin Media» номи билан танилган блогер Сирожиддин Адилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У жазони манзил-колонияда ўтайди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 5 октябрь куни чиқарган ҳукми билан Адилов Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми — товламачилик ва 168-моддаси 2-қисми — фирибгарликда айбдор деб топилган.

Ҳукм ҳозирча қонуний кучга кирмаган. Унинг устидан апелляция шикояти берилиши мумкин.

Жиззах вилояти судининг расмий хабарига кўра, Сирожиддин Адилов фуқаролар Д. Шамсиевдан 12 миллион сўмни товламачилик йўли билан, Г. Жуманиёзовадан 30 миллион сўмни, Р. Худойназаровадан 33 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олганликда айбдор деб топилган.

Сирожиддин Адиловнинг адвокати Шаҳруз Ҳамидов суд жазо тайинлашда қонун талабини тўғри қўлламаганини айтмоқда.

Ҳимоячининг таъкидлашича, Жиноят кодексининг 168-моддасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган тақдирда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин эмаслиги белгиланган.

Жиззах вилояти судининг расмий хабарида Адилов томонидан етказилган деб топилган жами 75 миллион сўм зарар тўлиқ қоплангани қайд этилган.

«168-модда бўйича зарар қопланган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланмаслиги керак эди. Суд ҳар бир жиноят бўйича жазони алоҳида белгилаб, фирибгарлик эпизодлари учун жарима ёки қонунда назарда тутилган бошқа озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаши лозим эди. Бу масалани апелляция шикоятида кўтарамиз», деди адвокат.

Адвокатнинг айтишича, суд Сирожиддин Адиловнинг ишини тергов қилган Самарқанд вилояти ички ишлар органи ходимлари ҳаракати юзасидан хусусий ажрим чиқарган.

Ҳимоя томонига кўра, ички ишлар ходимлари суднинг тегишли қарорисиз Адилов яшаб турган хонага кирган. Адвокат бу ҳаракатларда учта жиноят аломати бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Суд Самарқанд вилояти терговчисига нисбатан хусусий ажрим чиқарди. Ички ишлар ходимлари суд қарорисиз Сирожиддин Адилов яшаган хонага кирган. Бизнингча, бу ҳаракатларда учта жиноят таркиби мавжуд. Хусусий ажримни вилоят прокуратураси кўриб чиқади. Ички ишлар ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорлар жазоланади, деб умид қиламиз», — деди адвокат.

Хусусий ажримнинг тўлиқ матни ва унда қайси қонунбузилишлар қайд этилгани ҳозирча Озодликда мавжуд эмас. Самарқанд вилояти прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармаси бу масала юзасидан ҳозирча муносабат билдирмади.

Ҳукмнинг тўлиқ матни ҳозирча очиқланмади. Шу сабаб суд қайси далилларни ҳал қилувчи деб топгани, Адилов ўзини айбдор деб тан олган-олмагани ва ҳимоя томонининг важларига қандай баҳо берилгани номаълум.

Сирожиддин Адиловнинг адвокати Озодликка билдиришича, суд тергов томонидан қўйилган барча айбловларни тасдиқламаган.

Адвокат Хуршидабону Насриддинованинг Озодликка айтишича, Адилов Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми бўйича Ҳазратов билан боғлиқ эпизодда ва 168-моддаси 2-қисми бўйича Байитов ва Очилов билан боғлиқ икки эпизодда оқланган.

Жиззах вилояти судининг қисқа баёнотида оқлов берилган эпизодлар ҳақида маълумот келтирилмаган.

Жиззах вилояти суди Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти жиноят ишига алоқадор бўлмаганига алоҳида урғу берди:

«Мазкур жиноят иши юритуви давомида С. Адиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти юзасидан бирон-бир айблов қўйилмаган».

Судга кўра, иш блогернинг бошқа фуқаролар мулкини фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритгани билан боғлиқ.

YouTube’даги «Sirojiddin Media» канали муаллифи Сирожиддин Адилов 2026 йил 11 март куни Самарқанд вилояти ИИБга чақиртирилиб, қамоққа олинган эди.

Ўша пайтда Самарқанд вилояти ИИБ Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро блогердан бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб беришни сўраганини маълум қилган.

Расмий иддаога кўра, Адилов бундай масалани ҳал қилиш ваколатига эга бўлмаса-да, фуқародан пул олган, аммо ваъдасини бажармаган.

Дастлаб унга фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ айбловлар қўйилгани айтилган эди. Бироқ суднинг 5 октябрдаги хабарида пора бериш айблови тилга олинмади. Якуний ҳукм фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича чиқарилди.

Ишнинг Самарқанд вилоятида тергов қилиниб, Жиззах вилоятининг Мирзачўл туман судида кўрилгани сабаби расмий хабарда изоҳланмаган.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Адилов қамоққа олинган пайтда процессуал қонунбузилишлар бўлганини билдирган эди.

Ташановга кўра, эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича суд мажлисига Тошкентдан келган икки адвокатнинг ордери бўлганига қарамай, улар мажлисга киритилмаган. Унинг айтишича, судда давлат тайинлаган адвокат қатнашган.

Адиловга яқин ижтимоий тармоқ саҳифаларида унинг уйи ва автомашинаси суд ажримисиз тинтув қилингани ҳам иддао қилинган.

Озодлик бу иддаоларни мустақил равишда тасдиқлай олмади. Расмийлар ҳам уларга батафсил муносабат билдирган эмас.

Миллионга яқин обуначиси бор блогер

Сирожиддин Адилов Ўзбекистондаги машҳур видеоблогерлардан бири.

У ўз каналида, ички ишлар идораларидаги қийноқ ва зўравонликлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, газ ва электр тақчиллиги, нарх-наво ва аҳолининг ижтимоий муаммолари, мансабдорлар ва депутатлар фаолияти ҳақида танқидий видеолар бериб келган.

Адилов Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан таҳқирлангани ҳақидаги воқеани ҳам мунтазам ёритган. Кейинчалик ушбу иш бўйича туман ИИБнинг собиқ бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари озодликдан маҳрум қилинган эди.

Адилов қамоққа олинган пайтда унинг YouTube каналида қарийб бир миллион обуначи бор эди.

Ҳукм ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди.

Айрим фойдаланувчилар фирибгарлик ва товламачилик жиддий жиноят эканини, блогерлик мақоми шахсни жавобгарликдан озод қилмаслигини айтмоқда.

Бошқалар эса Адилов давлат идоралари ва куч ишлатар тузилмаларни танқид қилиб келгани сабаб нишонга олинган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Улар процессуал бузилишлар ҳақидаги хабарлар, айбловнинг айрим эпизодлари судда тасдиқланмагани ва ҳукмнинг тўлиқ матни очиқланмаганига эътибор қаратмоқда.

Озодлик ҳукмнинг тўлиқ матни ва ҳимоя томонининг батафсил муносабатини олишга ҳаракат қилмоқда.