БОЙСУН. “Мен – Тошгул Бобоева, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидан мактуб йўлламоқдаман. 1976 йили Бойсунда туғилганман. Ота-онам мен турмушга чиқмасданоқ вафот этган. 2002 йили Термиз шаҳрида яшовчи фуқарога турмушга чиқдим. Кейин билсам, мен турмуш ўртоғимнинг иккинчи оиласи эканман. Аввал ҳам уйланиб икки фарзандли бўлиб, ажрашган экан. Турмушимиз давомида икки фарзандли бўлдик. Мен билан ҳам чиқишолмай устимга бошқа аёлга уйланиб, ундан ҳам икки фарзандли бўлди. 2011 йилда суд орқали ажрашдим. Икки нафар вояга етмаган фарзандимиз учун алимент тўламаяпти.
Айни фарзандларимни вояга етказаман, яхши жойларда ўқитиб ватанимизга керакли инсонлар қаторига қўяман деган фикрда юрган кезларимда кўкрак саратони касалига чалиндим. Ўша вақтда алимент пули яшашимизга етмагани сабаб рўзғорга қўшимча даромад бўлсин деб, Термиздаги хусусий фирмада фаррош бўлиб, эртадан кечгача тиним билмай ишлар эдим. Ксааллигим ҳақида эшитиб, дарди дунём қоронғилашиб кетди, ўзимдан ўтганини ўзим биламан...
Ҳозирга қадар 6 марта кимёвий муолажа олдим. 2019 йил январь ойида операция бўлишим керак эди. Вилоят ва республика онкология диспансерида дори-дармон бепул дегани билан кўп дори-дармон топилмас экан. Шу сабаб дориларни хусусий дорихоналардан олиб, бўғзимгача қарзга ботдим. Энди операция учун ҳам шу аҳвол! Қолаверса, хусусий клиникалардаги бор ускуналар ҳамда шарт-шароит вилоят ва республика онкология диспансерида йўқ экан. Шу сабаб хусусий клиникаларда жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилдим. Операциядан кейин яна 4 та кимёвий муолажа ва Бухоро вилоятига бориб лазер нури олишим керак экан. Буларнинг ҳаммасига 30 миллион сўм атрофида пул керак.
Икки норасида болам билан бир хонали уйда яшаймиз. Ўта таъмирталаб ҳолдаги уйимни сотиб даволанай деган хаёлга бордим. Аммо болаларим кўчада қоладими дея, бу фикримдан қайтдим.
Эҳтиёжманд, дардманд, ёлғизқўл аёлга ёрдам беришармикан дея вилоят ҳокимиятига кўп маротаба мурожаат қилдим, аммо мени қабул қилишни, дардимга қулоқ солишни исташмади.
Бу орада президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов сайёр қабул ўтказди. Вазиятни тушунтирдим. У “бу аёлнинг касаллиги жиддий экан, пластик карточкасига 39 миллион сўм ўтказиб беринглар, операциясини ўтказсин” дея буйруқ берди. Лекин вилоят ҳокимияти вакиллари А.Усмоновнинг олдида хўп деб, эртаси куни фақат 5 миллион сўмга тушириб беришди. Кейинги куни вилоят халқ қабулхонаси мудири “бир ярим миллион сўм ёрдам пули берай, бошқа иложимиз йўқ”, деди. Ахир, бу ёлғиз ва ногирон аёлнинг устидан кулиш эмасми?
Давлат маслаҳатчиси ўринбосари А.Усмонов бошқа туманда аҳолини қабул қилаётганини эшитиб, ўша ерга бордим. Қабулига кирсам, негадир ваъдасини эсдан чиқарган. “Энди, сингилжон, иложимиз йўқ”, деди. Яна илтимос қилсам, дўқ-пўписа қилиб, мени қабулидан чиқариб юборди. Наҳотки, президентимизнинг вилоятларга ишониб юборган вакили бир кунда айтган гапидан қайтса?!
Икки йилки, оғир дард билан курашаман. Республика миқёсидаги раҳбарлардан, Хотин-қизлар қўмитасидан ва барча мутасадди идоралардан ёрдам сўрайман: икки фарзандини тарбиялаётган бемор аёлга кўмак беринг! Менинг ҳам яшагим келяпти...”
(Бу хабар Озодликка 30 май куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|