Россия телебошловчиси, Кремл сиёсати тарғиботчиси деб айтиладиган Владимир Соловёв 11 январь куни қилган чиқишида, Арманистон ва Марказий Осиё давлатларига “махсус ҳарбий операция” бошлашнинг вақти келганини айтди.
Унинг бу баёноти ўзбекистонлик ва марказий осиёлик сиёсатчилар, жамиятшунослар ва журналистлар томонидан қаттиқ танқидларга сабаб бўлди.
Аммо на Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги на Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳукуматлари ҳам бунга ҳозирча муносабат билдирди.
Россия телеканалининг бошловчиси Владимир Соловёв бу гапларини Ютубдаги ўзининг “Соловёв Лайф” каналида айтди.
«Биз ҳозир Сурия ёки Венесуэла билан шуғулланишимиз керак эмас. Биз ўз позицияларимизни йўқотмаслигимиз лозим, аммо биз учун энг муҳим ҳудуд — яқин хориж. Биз учун Арманистонда нима бўлаётгани Венесуэлада нима бўлаётганидан анча оғриқли. Арманистонни йўқотиш — мана шу улкан муаммо. Муаммо бизнинг Осиё, Ўрта Осиё ёки уларнинг таъбири билан айтганда Марказий Осиёда. Биз учун ана шу улкан муаммо бўлиши мумкин.
Биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилаб олишимиз керак. Биз тушунтириб қўйишимиз керак - ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупуриш керак.
Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, нега биз ўз таъсир ҳудудларимиздаги бошқа нуқталарда ҳам махсус ҳарбий операция бошлай олмаслигимиз керак? Балки биз ўз миллий доктринамизни шакллантиришимиз лозимдир?», деди Владимир Соловёв
Соловёв ўз чиқишида халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартибни очиқ инкор этиб, Марказий Осиё давлатларида худди Украинада бўлгани каби “махсус ҳарбий операция” ўтказиш кераклигини айтди.
Сиёсатчиларнинг айтишларича, Кремльга яқин тарғиботчи Владимир Соловьёвнинг сўнгги баёноти яна бир бор Россия расмий сиёсати билан уни қўллаб-қувватловчи медиа риторикаси ўртасидаги хавфли чегарани кўрсатди.
Соловёвнинг бу баёноти Ўзбекистон ижтимоий тармоқларда фаол бўлган сиёсатчилар, жамиятшунослар,журналист ва блогерлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
"Соловёв билдираётган фикрлар, баёнотлар фақат ўзининг шахсий нуқтаи назари сифатида қолмайди. У билвосита Кремлнинг стратегик режаларини ошкор қилиб туради, яъни Россиянинг ташқи сиёсати қандай бўлишини олдиндан акс эттириб туради. Жумладан Украина билан боғлиқ можаролар бўлганда Украина Россиянинг бир қисми бўлиши керак, русийзабон миллатдошларимизни ҳимоя қилишимиз керак деб бонг урган ва Украинага нисбатан махсус ҳарбий амалиёт бошланишига замин яратиб берган эди", дейди Экология қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев.
Сиёсий фанлар доктори Шерзодхон Қудратхўжанинг ёзишича, Владимир Соловьёв тўғридан-тўғри эфирда аввал қоғозга ўраб келинган нарсани очиқ айтди: халқаро ҳуқуқни инкор этиш мумкин, суверенитет — шунчаки расмий атама, бошқа давлатлар эса бемалол «таъсир доираси» деб эълон қилиниши мумкин.
Сиёсатшунос фикрича, «Бизнинг Осиё» деган формула унинг оғзидан тасодифий чиққан сўз эмас, балки соф мустамлакачилик тилидир.
“Бу энди на баҳс, на таҳлил. Бу — урушни сиёсатнинг мақбул воситаси сифатида нормаллаштиришдир. Украина — прецедентга айланди, Марказий Осиё — овоз чиқариб айтилган хаёллар объекти, «таъсир доираси» эса хавфсизлик ҳақидаги сўзлар ортига яширилган ҳар қандай зўравонликни оқлаш учун универсал баҳонага айланмоқда. Экран орқали «ҳуқуққа тупурамиз» деб айтилганда, гап риторика ҳақида кетмаяпти. Гап — ният ҳақида. Тарих бундай баёнотларни ҳиссиёт сифатида эмас, балки далил сифатида қайд этади. Ва ҳар сафар унинг охири бир хил бўлади — эфирдаги алжиш билан оқлаб бўлмайдиган оқибатлар билан”, деб ёзади Шерзодхон Қудратхўжаев.
Ўзбекистонлик журналист Илёс Сафаровнинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, Владимир Соловёвнинг Марказий Осиёда ҳам “махсус ҳарбий операция” ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги баёноти – бу шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигналдир:
“Сир эмас, рус пропагандаси – ҳақиқатни бузиш, қўрқув ва адоватни ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган заҳарли ахборот маҳсулоти. Соловёв эса айни шу заҳарни оммага етказадиган энг фаол ва тажовузкор узаткичлардан бири. Соловёв Путинга яқин шахс сифатида кўп ҳолларда Кремл доираларида шаклланаётган қарашларни оммага мослаб, баландроқ ва кескинроқ шаклда ифодалаб келади, шу боис ҳам унинг бу чиқишини оддий телебаҳс даражасида баҳолаб бўлмайди”.
Илёс Сафаров фикрича, бундай баёнот у етиб борадиган жамиятлар онгини зўравонлик ва ҳарбий аралашувга олдиндан тайёрлашга хизмат қилади ва айниқса, Марказий Осиё каби геосиёсий жиҳатдан “сезгир” минтақа учун бу каби реал хавф сифатида қабул қилиниши керак.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Соловёв видеоси эфирга чиққанидан бир кун ўтган бўлса бунга муносабат билдирмади.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирликлари ҳам бу борада сукут сақлаган.
Биргина Арманистон Соловьёвнинг баёнотлари муносабати билан Россияга нота йўллади
«Арманистон Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёвнинг изоҳлари муносабати билан Россияга дипломатик нота юборди», — деди Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян. Бу ҳақда APA нашри Арманистондаги ОАВларга таяниб хабар қилди.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Соловёв баёнотини Россия жамоат арбоблари томонидан «бузиб кўрсатилган ва қабул қилиб бўлмайдиган баҳолашлар» деб атаган.
СССР парчаланганидан кейин мустақил давлатлар пайдо бўлганига қарамасдан, айрим Россия элиталари ҳали ҳам бу ҳудудларни Москва таъсир доираси сифатида кўради.
Сиёсатчиларга кўра, Украина уруши айнан шундай пропагандистик риторикадан бошланганини ҳам унутмаслик керак. Илгари “телевизорда айтилаётган гаплар” сифатида қабул қилинган тезислар кейинчалик расмий сиёсатга айлангани маълум.
Жириновский, Соловёв каби сиёсатчилар Украинани босиб олиш ҳақида ҳали уруш бошланмасдан олдин айтиб, россияликларнинг онгига сингдириб борган.
Соловьёв, шунингдек бошқа рус шовинистик доираларига яқин журналистлар ва сиёсатчилар Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари Россияники эканлиги, Марказий Осиё давлатларининг “тарихий Россия билан боғлиқлиги” ҳақида таҳдидомуз баёнотлар бериб келган.
Бундай чиқишлар одатда расмий Кремль томонидан очиқ қўллаб-қувватланмайди, аммо инкор ҳам этилмайди. Шу орқали, сиёсатшунослар фикрича, пропаганда майдонида “имконлар доираси” кенгайтирилади.
Инстаграм ижтимоий тармоғида Арманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон блогерлари Соловёвнинг баёнотларига ўз муносабатларини билдиришда давом этмоқда.
"Менинг тушунишимча, Соловьёв Арманистонда СВО ўтказишга ишора қиляпти, кейин Ўрта Осиёда, кейин Озарбайжонда. Менимча, Соловьёв буни шунчаки айтмаяпти; ундан ҳам хавфлироғи — унга бундай гапларни айтишга имкон бераётганлар. Тушуняпсизми, у ерда уддалай олишмади, энди бу ёққа ўтиб келяпти. У ерда йўқотишди, бу ерда йўқотишди, энди эса бу томонга. Биз ўзимиз уддалаймиз, арманлар ҳам ўзлари ҳал қилади. Умид қиламанки, арманлар аста-секин ким ким эканини англаб ета бошлаяпти", деб ёзди блогер Камран Размовер.
"Оддий қилиб тушунтираман: Қозоғистон — сизларнинг таъсир ҳудудингиз эмас, ҳовлингиз ҳам эмас, навбатдаги нуқта ҳам эмас. Экран орқали “бизга ҳамма нарса мумкин” деб гапириш — бу куч эмас, бу қўрқув! Биз тинчмиз, қолганини синаб кўришни маслаҳат бермайман — тишингизни синдирасиз! Олға, Қозоғистон!", деб ёзди қозоғистонлик блогер Максим.
Ҳа, айтмоқчи, Соловёв фамилияси “соловей” яъни “булбул”дан олинган. Ижтимоий тармоқ фаолларидан бири Соловёвга шундай маслаҳат беради:
“Соловёвнинг айтганларига ҳам, унинг империячилик амбицияларига ҳам тупураман. Биз унга мана бу ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз.У сўзма сўз шундай таржима қилинади: “Ўзингнинг булбулчанг билан ўйна”.