Суданда армияга қарашли транспорт учоғи ҳалокатга учрагани оқибатида юқори лавозимли ҳарбийлар дохил 40 дан зиёд киши қурбон бўлган. Бу ҳақда ахборот агентликлари врачлар ва ҳарбий доиралардаги манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Associated Press агентлиги келтирган сўнгги маълумотларга кўра, авиаҳалокат чоғида 46 киши ўлган, камида 10 киши жароҳат олган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Транспорт учоғи ҳозирча аниқланмаган сабабларга кўра пойтахт Хартум агломерациясига кирувчи Омдурман шаҳри ҳарбий аэродроми яқинидаги аҳоли зич яшайдиган мавзега қулаган. Хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида ҳарбийлар ҳам, оддий фуқаролар ҳам бор.
Даставвал учоқ бортида 19 киши бўлгани хабар қилинганди, кейинроқ ҳодиса чоғида 20 киши ўлгани ҳақида билдирилган, сўнгра эса қурбонлар сони 40 нафардан ошгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Афтидан, нафақат учоқ бортида бўлган, балки ерда бўлган одамлар ҳам нобуд бўлган, чунки учоқ қулаш чоғида тураржой биносига бориб урилган.
Фожиада қурбон бўлганлар орасида ҳукумат армияси саркардаси, аввал пойтахт Хартум гарнизони бошлиғи лавозимини эгаллаган генерал-майор Бар Аҳмад ҳам бор.
Суданда ҳукумат армияси ва ўзларини “Тезкор жавоб кучлари” деб атайдиган гуруҳ ўртасида фуқаролик уруши давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, учоқ қулашига ҳарбий ҳаракатлар эмас, балки техник носозлик сабаб бўлган.